Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳамқишлоғини ўлдириб, ҳовлига кўмиб қўйган шахс 18 йилга қамалди

Ҳамқишлоғини ўлдириб, ҳовлига кўмиб қўйган шахс 18 йилга қамалди

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ҳамқишлоғига етти маротаба пичоқ уриб, уни ўлдирган ва ҳовлисидан хандақ қазиб кўмиб юборган фуқаро 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Каттақўрғон туман суди раиси Темур Алмаматов «Дарё»га маълум қилган.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг 13 октябрь куни соат тахминан 21:00 да Азамат Расулов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзининг яшаш уйида ҳамқишлоғи Ш.Х. билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилган. Маст бўлган Ш.Х. Азаматни қўпол сўзлар билан ҳақоратлаган. Натижада иккаласи ўзаро жанжаллашиб қолган.

Мазкур жанжалда Азамат Расулов ҳамқишлоғининг ожиз аҳволдалигини билган ҳолда дастлабки тергов ва суд мажлисида аниқлаш имкони бўлмаган ошхона пичоғини унга етти маротаба урган. Бу ҳам етмагандек, Ш.Х.га янада кўпроқ азоб бериш ва алоҳида қийноққа солиш ниятида бош соҳасига темир болға билан бир неча марта уриб, оғир тан жароҳати етказиб, қасддан ўлдирган.

Шундан сўнг судланувчи ўзи томонидан содир этилган ушбу ўта оғир жиноятни яшириш ва муқаррар жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида яшаш уйининг ҳовлисидан хандақ қазиб Ш.Х.нинг мурдасини кўмиб юборган. Ҳамда қотиллик содир этишда фойдаланган ошхона пичоғи, қон доғлари билан ифлосланган тўшакларни ёқиб, йўқ қилган.

Мазкур воқеа ҳуқуқни муҳозафа қилувчи органлар томонидан аниқлангач, судда кўриб чиқилди. Суд судланувчини Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «ж» бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш) билан айбли деб топиб, уни 18 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг