Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорларининг йиғилишига Ниғматилла Йўлдошев раислик қилди

ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорларининг йиғилишига Ниғматилла Йўлдошев раислик қилди

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бугун видеоконференцалоқа орқали Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар Бош прокурорларининг ўн саккизинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлис ишига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раислик қилди.

Тадбирда қайд этилганидек, ШҲТ умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг самарали тизимидир. Яхши қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда бу нуфузли тузилма муҳим роль ўйнамоқда.

ШҲТ ташкил этилганидан буён унинг аъзо давлатлари ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушуниш, юқори даражадаги ишонч ва биргаликда қарорлар қабул қилиш руҳи шаклланди.

Аср таҳдиди – коронавирус инфекцияси пандемиясига қарши курашда Ташкилотга аъзо давлатларнинг бирдамлиги ва ўзаро қўллаб-қувватлашининг юқори даражаси «Шанхай руҳи» намоён бўлишининг ёрқин намунасидир.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг саммитларида жиноятчиликка қарши курашда, шу жумладан, Ташкилот аъзолари ва кузатувчилар ҳамда мулоқот шериклари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш орқали саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги таъкидланган.

Шу нуқтаи назардан, кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шерикларнинг Бош прокуратуралари вакилларининг мазкур анжумандаги иштироки ШҲТ доирасида ҳуқуқий соҳада идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Прокуратура органлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик умумий мақсадга эришиш, яъни ШҲТ маконида қонун устуворлиги ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг муҳим омилидир.

Давримизнинг иллатларидан бўлган коррупцияга қарши кураш доимий равишда дунё ҳамжамияти, шу жумладан, ШҲТ давлатлари учун долзарб масала эканлиги инобатга олиниб, тадбирда коррупцияга қарши курашнинг самарали механизмлари муҳокама қилинди, ўзаро тажриба алмашилди.

Ушбу соҳадаги мавжуд муаммолар конструктив равишда муҳокама қилиниб, уларнинг ечими бўйича ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган устувор чора-тадбирлар белгиланди.

Мажлис иштирокчилари якдиллик билан қайд этганидек, Бош прокуратураларнинг кенг кўламли масалалар бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари халқаро майдонда ШҲТнинг обрўсини ва глобал мавқеини янада оширишга ҳам хизмат қилади.

Зотан, дунё аҳолисининг ярмидан кўпини бирлаштирган ШҲТнинг минтақавий ва глобал сиёсатни шакллантиришнинг механизми сифатида Евроосиё қитъасининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашдаги ўрни мустаҳкамланиб бормоқда.

Йиғилиш якуни бўйича кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорларининг ўн тўққизинчи мажлисини 2021 йилда Ҳиндистон Республикасида ўтказиш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинди.

ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорларининг ўн саккизинчи мажлиси тўлиқ ўзаро англашув руҳи ва дўстона муҳитда, юқори даражада мазмунли ўтди.

Мажлисда аъзо давлатларнинг Бош прокуратуралари вакиллари, кузатувчилар ва ШҲТ мулоқоти доирасида шериклар, шунингдек халқаро ташкилотлар масъуллари иштирок этишди.

Шунингдек, ШҲТ Бош котиби Владимир Норов, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Джумахон Гиёсов ва Прокурорлар халқаро ассоциацияси президенти Чхоль-Кю Хванлар иштирокчиларни қутлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг