Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Судьялар олий кенгаши фаолиятини тугатган блогерлар ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Судьялар олий кенгаши фаолиятини тугатган блогерлар ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Судьялар олий кенгаши Қашқадарёда битта сайт ва беш нафар блогер фаолиятини тугатилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Кенгаш матубот хизмати муносабатида «блогерларнинг қарори таассуф билан қабул қилгани» таъкид этилиб, уларнинг бундай тўхтамга келишига гўёки судлардаги адолатсизликлар сабаб қилиб кўрсатилаётганига қўшилиб бўлмаслиги билдирилади.

«Фаолиятини тугатишга қарор қилган блогерларнинг уч нафари суд томонидан маъмурий ҳуқуқбузар деб топилиб, жазога тортилгани бор гап. Бироқ бу – қарор қатъий, шикоятга ўрин йўқ, дегани эмас. Суд қароридан норози тараф белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. Шикоят юқори суд инстанциясида кўриб чиқилишида ҳеч қандай муаммо йўқ» — дейилади баёнотда.

Шунингдек, « ...Фаолиятини тугатиш ёки тугатмаслик ҳар кимнинг шахсий қарори, албатта. Аммо қонунда белгиланган тартиб, шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланмай судлар ва судьялар фаолиятига билдирилаётган эътирозлар тизим ҳақида кенг жамоатчиликда нотўғри тасаввур шаклланиши эҳтимолини пайдо қилаётганига» урғу берилади.

Бундан ташқари жамият ҳаётида журналист ва блогерларнинг алоҳида ўрнини эътироф этган ҳолда Судьялар олий кенгаши оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан изчил конструктив мулоқот ўрнатишга устувор вазифа  сифатида қарашини ҳам билдириб ўтган.

Якунда эса «ушбу муносабатни блогерларга нисбатан чиқарилган суд қарорлари қонуний экани хусусида Кенгаш хулосаси ёки шикоят келтирилган тақдирда улар (суд қарорлари) юқори суд инстанциясида ўзгартирилиши ёхуд бекор қилинишига  кафолат сифатида талқин этмаслик сўралади, чунки, суд қарорлари қонунийлигига фақат юқори инстанция суди ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга», —  дейилади Кенгаш матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг