Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таниқли шахслар Аҳмадбойдан «куйгани» аён бўлмоқда

Таниқли шахслар Аҳмадбойдан «куйгани» аён бўлмоқда

Фото: Дарё

Аҳмадбойнинг донғи чиққан пайтда «фалон қўшиқчи шунча пул тикибди, фалончаси бунча мошинасини берибди, фалон актёр...» деган миш-мишлар урчиганди. Вақт ўтиб бу миш-мишларнинг айримлари ҳақиқат бўлгани ойдинлашмоқда.

Актёр Миролим Қиличев Аҳмадбой сабаб уч хонали уйидан ажралиб, кўчада қолгани ҳақида гапириб берди. Бу ҳақда у «Дарё»га берган интервьюсида айтган.

«Ўзи бошида Аҳмадбой шов-шув бўлиб юрганида мен ишонмай юрдим. Лекин кунлардан бир куни театримизда дўстимиз мени шу ишга кўндирди. Ўша пайтларда Matiz русумли автомобилим бор эди. Мен машинамни тўғридан-тўғри Аҳмадбойга эмас, унинг Рихситилла деган шогирдига бердим. Қарасак пули вақтида бериляпти. Кейин яна битта машина билан йиғиб юрган пулимизни бердик. Ўша вақтда Captiva-2 русумли автомобиль энди чиққан пайтлари 30.000 АҚШ долларига сотиб олган эдим. Ана шу Captiva-2 ни ҳам бердик.

Шунақа бизнес қилаётганимизда бир-иккита дўстларимнинг орасига ҳам кирдим. Бир-иккита устозларга ҳам «пулингизни бераверинглар ўртада мана мен турибман», деб юборибман. Кейин эса Аҳмадбойлар қўлга олинди. Мен эса атрофимдагиларга «мен ўртада турибман» деган лафзим борлиги учун уч хонали уйимни сотиб, бир кундаёқ пулини ана шу лафз қилган одамларимга тарқатиб чиққанман.

Мен ўртага тушган одамларнинг олдига бориб, «Аҳмадбойга қанча бергансиз», деганимда агар 7000 доллари берганман дейишса, «майлими мана шу берган пулингизни ўзини қайтарсам», деганимда улар кўнишмаган. «Йўқ 7000 доллар берганмиз 8000 доллар қайтаришинг керак дейишган». «Мен ўзимнинг ёнимдан тўлаяпман, аҳвол мана бунақа десам», «сен бизни тўғри тушун», дейишган. Шундан сўнг 7000 доллар берганларга 8000 доллар, 5000 доллар берганларга 6000 доллар қилиб қайтарганман. Бир кунда уйнинг пулини тарқатиб бўлганимдан кейин ҳам майда-чуйда қарзлар қолиб кетган. У пулларни ҳам ишлаб, тўйлардан топиб эгаларига қайтариб бердим. Хуллас, ҳеч кимнинг олдида тилим қисиқ бўлмади. Лафзимга жавоб бериб, ўзим итдек қийналсам ҳам пулларни ортиғи билан тўладим», деган Миролим Қиличев.

Эслатиб ўтамиз, А.Турсунбоев жиноий гуруҳ раҳбари сифатида молиявий пирамида ташкил этганликда гумонланиб, 2016 йилда ҳибсга олинган ва Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, жазога тортилганди. Суд унга узил-кесил 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 14 йил 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазо белгилаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг