Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тиббиёт маркази ўтказган давлат харидида қинғирлик аниқланди

Тиббиёт маркази ўтказган давлат харидида қинғирлик аниқланди

Фото: «Xabar.uz»

Тошкeнт вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан ўтказилган давлат хариди бeкор қилинди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, агентлик томонидан ўтказилган мониторинг натижасида Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази  буюртмачилигидаги 796 000 000,0 сўмлик тиббий асбоб-ускуналар учун 2023 йил 10 февраль куни ўтган давлат харидида Ўзбекистон Республикаси «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси (Рақобат ва холислик принципи), 23-моддаси ( Харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси) 14-моддаси (Манфаатлар тўқнашуви), 42-моддаси (Иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш шартлари) ва 46-моддаси (Давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талаблари бузилганлиги аниқланди.

Жумладан, давлат харидларида иштирок этган талабгорлар яқин қариндош ака-укаларга тегишли бўлган, яъни ўзаро аффилланганлиги ҳолатлари мавжуд.

Шунингдек, мазкур давлат хариди бўйича Харид комиссияси томонидан фойдаланган компьютерларнинг IP-манзиллари маълумоти ўрганилганда харид комиссияси раиси, аъзолари (овоз бериб баҳолаш ваколатига эга) ва комиссия котиби 2023 йил 10 февраль куни соат 21:05 дан 21:11 гача, яъни ўртача 6 дақиқа вақт ичида IP-манзили бир кишига тегишли бўлган компьютер орқали бошқарилиб, харид натижалари баҳоланганлиги ва баённома расмийлаштирилганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилди ва чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди, шунингдек, ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўровнома киритилди.

Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан 2023 йил 13 февраль куни Агентликка тақдим этилган хатга кўра, Агентликнинг тақдимномасида қайд этилган камчиликлар бартараф этилиб, Харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг