Тўйда сочиш учун 100 мингталик ясаган шахслар қамоққа олинди
Тошкентда тўйда сочиш учун юзта 100 минг сўмлик купюраларни қалбакилаштирган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, 23 январь куни 27 ёшли А.Ж. ва О.Х. танишлари 28 ёшли Т.Т.нинг никоҳ тўйи бўлаётгани муносабати билан тўйда ўйнаётган меҳмонларнинг устидан пул сочиш мақсадида ўзларининг синфдошлари 27 ёшли А.Т.га бир дона AE 2489763 рақамли 100 минг сўмлик купюрани 10 миллион сўм миқдорида ясаб бериши учун берган.
А.Т. ушбу пулларни компьютер ёрдамида қалбакилаштириб ясаб берганидан сўнг бўлажак куёв бундан хабар топиб, улардан қалбаки 2 миллион 300 минг сўм пулларни олиб, Қўйлиқ бозорида сарфлаб юрган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланган. У холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганида ёнидан яна 14 дона AE 2480763 рақамли 100 минг сўмлик купюралар топилиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Суд техника-криминалистика экспертизасининг хулосасида 14 дона 100 минг сўмлик AE 2489763 рақамли пул купюралари полиграфик усулда тайёрланганлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан А.Ж. О.Х., Т.Т., А.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми «в» банди (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов тамомланиб, айбланувчилар ҳимоячилари иштирокида иш ҳужжатлари билан таништирилган. Ҳозирда жиноят иши айблов хулосасини тасдиқлаш учун Бектемир тумани прокуратурасига юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter