Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украинадаги уруш туфайли қашқадарёлик тадбиркорга қўлланилган 262 млн сўмлик жарима бекор қилинди

Украинадаги уруш туфайли қашқадарёлик тадбиркорга қўлланилган 262 млн сўмлик жарима бекор қилинди

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Қашқадарё вилоятидаги шуъбаси «Зафар» (номи ўзгартирилган) фермер хўжалиги (кейинги ўринларда - тадбиркор) ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди.

Аниқланишича, тадбиркорнинг Украинадаги ҳамкорлари билан тузган ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган 212 406 АҚШ доллари миқдорида дебитор қарздорлиги юзага келган.

Мазкур ҳолат форс-мажор (енгиб бўлмас куч) таъсирида юзага келганлигини инобатга олмасдан Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси дебитор қарздорликнинг 10 фоизи – 21240 АҚШ доллари (262 млн сўм) миқдорида жарима қўллаш тўғрисида 15.04.2024 йилда Қарши туманлараро иқтисодий судига ариза киритган.

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 111-моддасига кўра, норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан бир юз саксон кун ўтганидан кейин кўпи билан қирқ беш кунда (кичик тадбиркорлик субъектлари учун тўқсон кунда) ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилишни таъминламаган резидентлар республика бюджети даромадига активларни репатриация қилиш норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан уч юз олтмиш кундан беш юз қирқ беш кунгача кечикканда — репатриация қилинмаган активлар суммасининг 10 фоизига тенг миқдорда қўшимча равишда жарима тўлайди. Енгиб бўлмас куч таъсири юзага келганда активларни репатриация қилиш муддати енгиб бўлмас кучнинг таъсир муддатига узайтирилади. Енгиб бўлмас куч таъсири ҳолатлари юз берганлиги ушбу ҳодиса ўзида содир бўлган давлатнинг қонунчилигига мувофиқ ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

«Украина Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Қонуннинг 141-моддасига кўра, форс-мажор ҳолатларини белгиловчи ваколатли давлат органи Савдо-саноат палатаси ҳисобланади.

Украина ССПнинг расмий сайтига 28.02.2022 йилда жойлаштирилган расмий хатга кўра, Россиянинг Украинага ҳарбий агрессияси бошланган 24.02.2022 йилдан унинг расмий тугаш кунига қадар шартнома талабларини бажара олмай қолиши форс-мажор ҳолат деб ҳисобланади.

Суд мажлисида мазкур нормалар мазмуни батафсил тушунтирилган ҳолда асословчи ҳужжатлар тақдим қилинди, натижада аризачи-солиқ бошқармасининг аризасини қаноатлантириш рад этилди ва тадбиркорга 262 млн сўм жарима қўлланилмайдиган бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг