Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вояга етмаган бола онасидан отасига олиб берилди. Сабаб?

Вояга етмаган бола онасидан отасига олиб берилди. Сабаб?

Суд қарорларини ижро қилишдек  ғурбат иш  йўқ десак, муболаға бўлар-ов, аммо  ижрочига кўпам роҳат бахш этмайдиям-да.  Пул ундириш ёки мол-мулк тақсимотига оид ижро ҳужжатлари-ку ўз йўлига, совуққонлик билан амалласа бўлар, бироқ вояга етмаган болани отасидан онасига (ёки аксинча) олиб беришга доир ишлар унча-мунча ижроси дийдаси қаттиқ ижрочининг ҳам кипригини намлатади.

Мажбурий ижро бюросининг  Яшнобод туман бўлими иш юритувида  шу мазмундаги («болани олиб бериш») ижро иши бор эди денг. Эътиборлиси, унда вояга етмаган болани  онага эмас, аксинча,  ундан (туққан онадан) отасига олиб бериш кўзда тутилгандики, ижро жараёни ҳинд киноларидаги саҳналарга айланиб кетиши эҳтимоли юқоридай туюлганди.

Бироқ кутилмаганда ҳаммаси (нисбатан) енгилроқ кечсами?!   Қисқаси, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг даъвогар Н. С.га (ота) жавобгар Н.Н.дан (она) вояга етмаган ўғлини олиб бериш ҳақидаги ҳал қилув қарори  отиқча жанжал-тўпалангсиз ижро этилди.

Нима, жавобгар (она) оналик ҳуқуқида маҳрум этилганмиди?

Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати раҳбари Марғуба Амонованинг «Xabar.uz»га берган изоҳига кўра, жавобгар оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмаган, балки боланинг ўзи отаси билан яшаш хоҳишини билдирган ва суд ҳам унинг фикрини инобатга олган. Иккинчидан, маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳам бола ота тарбиясида бўлмоғи лозим, мазмунида хулосаям бор... Шу икки ҳолатнинг ўзи кўп нарсадан дарак берадики, майли, чуқурлашмайлик, мухбир ака, МИБнинг иши  муҳокама эмас, балки ижродир. Ижро иши ниҳоясига етди, шукр...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг