Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хориж авиакомпаниялари Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар ҳақида маълумотни ДХХга тақдим этади

Хориж авиакомпаниялари Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар ҳақида маълумотни ДХХга тақдим этади

Фото: Xabar.uz

Хориж авиакомпаниялари Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар ҳақидаги маълумотни ДХХ Чегара қўшинларига тақдим этишининг тартиби тасдиқланди.

Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО)нинг стандартлари ва тавсия этиладиган амалиётини ҳисобга олган ҳолда чегара назорати тартиб-таомиллари самарадорлигини ошириш ва соддалаштириш мақсадида хорижий мамлакатлар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари томонидан йўловчилар бўйича дастлабки маълумот тақдим этилишининг мажбурий тартиби жорий этилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар қилган. Хабарга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари бўлинмаларига хорижий мамлакатларнинг ҳаво кемалари эксплуатантлари томонидан йўловчилар бўйича дастлабки маълумот тақдим этилиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 293-сонли қарори қабул қилинган.

Қарорда қайд этилишича, 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистонга парвозларни амалга ошираётган хорижий мамлакатлар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар ИКАОнинг стандарт форматида Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинларига тақдим этилади. Йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар билан ишлаш ДХХ Чегара қўшинлари томонидан ишлаб чиқиладиган тизим бўйича амалга оширилади. Хорижий мамлакатлар авиация маъмуриятлари ва хорижий авиаташувчилар ДХХга халқаро ташувчилар томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумот мажбурий равишда тақдим этилиши тизими амалга киритилиши тўғрисида хабардор қилинади. Мазкур тартибнинг жорий этилиши хорижий сайёҳларнинг мамлакатга келиши, бу ерда бўлиши ва республика ҳудудидан чиқиб кетишида қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади.

ИКАО стандартлари техник талаб бўлиб, унинг ягона тартибда қўлланилиши халқаро фуқаро аэронавигациясининг хавфсизлигини ёки мунтазамлигини таъминлаш учун зарур. ИКАО тавсия этиладиган амалиёти ҳам техник талаб бўлиб, унинг ягона тартибда қўлланилиши халқаро фуқаро аэронавигациясининг хавфсизлигини, мунтазамлигини ёки самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг