Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна Муниса Ризаева ҳақида. Ёки «Upl.uz» туширган «қовун»га «Xabar.uz» масъул эмас

Яна Муниса Ризаева ҳақида. Ёки «Upl.uz» туширган «қовун»га «Xabar.uz» масъул эмас

Фото: Google.com

Кеча сайтимизда хонанда Муниса Ризаевага оид кулчадеккина хабар босилганди. Яъниким, унда йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун белгиланган жаримани вақтида тўланмагани сабаб МИБ ходимлари М. Ризаева тегишли «BMW X7» русумли қимматбаҳо машинани хатламоқчи бўлгани, бироқ тегишли тўловлар амалга оширилгач, ҳаммаси жойига тушгани ҳақида сўз юритилганди. Бор-йўғи оддий хабар. Аммо унинг қаҳрамони таниқли хонанда бўлгани эътибор тортиши эҳтимолидан сайтга жойлаштирилганди денг.

Кечга бориб, М.Ризаванинг маъмури Дилмурод Сатторов биз билан алоқага чиқиб, хабар нотўғри эканини, иложи бўлса, уни сайтдан олиб ташлашни бироз ҳаяжон билан илтимос қилди.

Ажаб, ихтиёримизда ҳамма далиллар бор, шундай экан, хабарнинг нимаси нотўғри?

Икки ўртада бўлиб ўтган қисқа баҳсдан сўнг вазиятга ойдинлик кирди.

Маълум бўлдики, бошқа манбаларда чиққан материалларни ўзлаштириб, гўёки ўзиники қилиб бериш ҳадисини олган «Upl.uz» сайти бу сафар ҳам тарки одат қилмабди. Яъни, «Xabar.uz»да чиққан материални совутмай кўчирар экан, матн маъносини бузиб, МИБ ходимлари хонанданинг машинасини «мусодара қилишга уринди» тариқасида чоп этган. Маъмурнинг (катта эҳтимолки хонанданинг ҳам) фиғони фалакка чиққаётганининг сабаби шунда: «Бир ярим миллион сўм жарима учун фалон (айтилган рақамни ёзмадик - таҳр.) долларлик машина мусодара қилинмайди-ку, ока?!»

Маъмурнинг эътирози тўғри. Бироқ бу эътироз бизга эмас, кўчирмачи «Upl.uz»га тааллуқли. Зеро, «Xabar.uz»да чиққан материалда «мусодара» ҳақида бирорта сўз йўқ, балки гап «хатлаш» хусусида кетган, холос. (Ҳар тугул, мулк мусодараси фақат ва фақат суд қарори билан амалга оширилишини яхши биламиз). Маъмурнинг қўшимча қилишича, жарима хати уларнинг қўлига вақтида келиб тушмаган, тўлов кечикканининг сабаби шунда. Айни пайтда жарималар тўланган, ҳеч қандай муаммо йўқ.

Яна икки оғиз гап. «Upl.uz» сайти воқеликдан сўнг дарҳол хонандадан узр сўрашга тушиб, «Муниса Ризаеванинг машинаси мусодара қилиниши эҳтимоли ҳақидаги хабарлар ёлғон (фейк) бўлиб чиқди», дея жар солибди. Ва одатига хилоф равишда бу сафар бизнинг сайтга ҳавола ҳам берибди. Бекорларни айтибсиз, жўра! «Xabar.uz»да чиққан материал ҳеч қандай фейк-мейк эмас, балки сизнинг ҳатто кўчирмакашликдаги нўноқлигингиз сувни лойқалатди, холос. Энг ёмони, «...фейк бўлиб чиқди», дея «Xabar.uz» туҳмат қилибсиз, бунинг учун биздан ҳам расман узр сўрашингиз керак, аслида!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг