Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АКТ соҳаси вакиллари 40 ёшгача бўлган раҳбарлар рейтингида етакчи бўлишди (Топ-40)

АКТ соҳаси вакиллари 40 ёшгача бўлган раҳбарлар рейтингида етакчи бўлишди (Топ-40)

Фото: «Юксалиш»

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда 2019 йилдан буён Ўзбекистоннинг 40 ёшгача бўлган истиқболли ёш раҳбар кадрлари рейтингини эълон қилиб келмоқда.

Эътиборлиси, рейтингда ахборот технологиялари соҳаси вакиллари сон жиҳатдан яққол етакчилик қилишмоқда.

Маълум қилинишича, йил сайин номзодлар рўйхати кенгайиб, янги номлар билан тўлиб бормоқда. Бу йилгиси ҳам бундан мустасно эмас. Дастлабки рўйхатда турли даражадаги юздан зиёд бошқарувчилар ўрин олганди. Якуний рейтингни шакллантириш икки босқичда амалга оширилди.

Биринчи босқичда фуқаролик жамияти, таҳлил марказлари ва ОАВ вакилларидан иборат экспертлар ёш раҳбарларнинг ўз соҳаларида стратегик мақсад ва натижаларга эришганлик бўйича фаолиятини баҳолашди. Бунда номзодларнинг маълумоти, раҳбар сифатида жамоатчилик орасида танилганлиги, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги, ислоҳотлар жараёнидаги иштироки ва таъсир даражаси ҳамда шахсий ва касбий ютуқлари инобатга олинди.

Иккинчи босқичда турли соҳа экспертларининг овози тўпланди. Якуний босқичга ўтган 60 дан зиёд номзодлар орасидан энг кўп овоз олган 40 ёшгача бўлган энг яхши 40 нафар раҳбар танлаб олинди.

Қайд этилишича, экспертлар овоз бериш жараёнида дастлабки рўйхатда бўлмаган бошқа номзодларни ҳам таклиф этишди. Уларнинг айримлари якуний рўйхатга киритилди.

Фуқаролик жамияти институтлари вакиллари талқинига кўра энг яхши ёш раҳбар Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори Гаяне Умерова бўлди.

Журналист ва блогерлар Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев фаолиятини юқори баҳолашди.

«Ақл марказлари» вакиллари эса истиқболли раҳбар сифатида IТ Парк директори Фарҳод Иброҳимовни танлашди. 

Шунингдек, экспертлар янги тайинланган халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовга катта умид билдирди. Уларнинг фикрича, 2022 йилда таълим соҳасида туб ислоҳотлар бўлиши кутилмоқда.

Бу йилги рейтингга биринчи марта киритилган номзодлар:

  • Абат Файзуллаев, Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси;
  • Абатбай Данияров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари;
  • Бахтиёр Саидов, халқ таълими вазири;
  • Бахтиёр Мустафоев, Марказий Осиё институти директори ўринбосари;
  • Бобур Абдуллаев, Тошкент шаҳридаги Амити университети ректори;
  • Дурдона Раҳимова, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари;
  • Элбек Шукуров, Сергели тумани ҳокими;
  • Ирода Тўлаганова, Теннис федерацияси бош котиби;
  • Жамшид Эгамбердиев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари;
  • Милана Хаитова, «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ бошқаруви аъзоси;
  • Одилжон Тожиев, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари;
  • Қурбон Турсунов, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари;
  • Саидқаҳҳор Холхўжаев, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари;
  • Умид Шодиев, Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги элчиси;
  • Хушнуд Худойбердиев, ЎзА бош директорининг ўринбосари;
  • Юсуф Абсоатов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари.

Бугунги рақамлаштириш даврида давлат хизматига ёш кадрларни жалб этиш масаласи долзарб вазифалардан бўлиб турибди. Бу, айниқса, аҳолисининг қарийб 18 миллион нафари ёшларни ташкил этадиган Ўзбекистон воқелигида аҳамиятлидир. Келгуси ўн йил ичида меҳнатга лаёқатли аҳоли сони яна 12 фоизга ошиши кутилмоқда.

Ёш кадрларни раҳбарлик лавозимларига илгари суриш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш турли соҳаларда инновацияларни жорий этишга, бошқарувда янгича ёндашишга ва замонавий усулларни қўллашга кенг имкон яратади, дейилади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг