Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ССПнинг Навоий вилояти бўйича раҳбарига нисбатан қўзғатилган «иш» судда кўриляпти

ССПнинг Навоий вилояти бўйича раҳбарига нисбатан қўзғатилган «иш» судда кўриляпти

Жорий йилнинг апрель ойида Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоева фирибгарлик жиноятини содир этганлик ва пора беришда иштирокчиликда гумонланаётгани айтилган эди.

М.Омонбоевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши Навоий вилояти Навбаҳор тумани судида биринчи инстанцияда кўриб чиқилмоқда. «Adolat» ахборот тизимлари комплексида келтирилган суд мажлислари жадвалига кўра, у ЖКнинг 168-модда 4-қисми а-банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) билан маҳкамага тортилган. 

Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, суд очиқ тартибда кўриб чиқиляпти ва мазкур иш бўйича навбатдаги суд мажлиси жорий йил 18 сентябр кунига белгиланган.

«Газета.уз»нинг ёзишича, мазкур суд ишида жабрланувчи сифатида иштирок этаётган Меҳрож Рахматов президент фармойиши билан 2023 йилда «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланган. Ўшанда тадбиркор Навоий шаҳридаги Bright Industry Buildings the Future МЧЖ директори сифатида қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Мерей Омонбоева 2024 йил 6 март куни, яъни бундан бир ой муқаддам Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган эди. 

Тайинловга қадар у Навоий шаҳри «Зарафшон» МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаб келган. Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг