Ер ва сув солиғи миқдори оширилади
Ўзбекистонда ер ва сувдан фойдаланганлик учун солиқ миқдорлари оширилиши кўзда тутиляпти. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.
Айтилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинган.
Лойиҳада кўчмас мулк жойлашган жойидан келиб чиқиб бир квадрат метр учун минимал қиймат жорий этиш билан бирга юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкаларини пасайтириш, полиэтилен гранулаларига акциз солиғи ставкасини 20 дан 10 фоизгача пасайтирган ҳолда, ушбу ставкани унинг импортига ҳам жорий этиш белгиланган.
Ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун эса солиқ ва акциз солиғи ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилиш (ошириш) назарда тутилган. Бунда қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун фойдаланилган сув ҳажми қисми ва балиқларни ўстириш (етиштириш), шу жумладан, деҳқон хўжаликлари учун белгиланган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2021 йил даражасида (1 куб метр учун 40 сўм) сақлаб қолинади.
Шу билан бирга, лойиҳада солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектлар ҳисобини ташкил этиш, хусусан, солиқ имтиёзлари ҳисоби бўйича ягона автоматлаштирилган тизимни яратиш, солиқ тўловчининг ҳисоб маълумотларидаги ўзгаришларни шахсий кабинет орқали тасдиқлаш масаласи ҳам акс этган.
Шунингдек, кодекснинг 337 ва 452-моддаларига 2021 йил 1 октябрдан бошлаб цемент (клинкер) ишлаб чиқаришни амалга оширувчи корхоналарга белгиланган 20 фоизлик фойда солиғи ставкасини 15 фоизга пасайтириш, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган 1 тонна оҳактош учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкасини икки бараварга камайтириш таклиф қилинмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter