Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инновацион лойиҳаларни молиялаштириш тизими такомиллаштирилади

Инновацион лойиҳаларни молиялаштириш тизими такомиллаштирилади

Фото: «biznesvinternet»

ҚҲТБТ порталида Президентнинг «Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ҳужжат Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

«Norma.uz»нинг хабар беришича, лойиҳа тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини ривожлантиришга қаратилган. Инвесторларнинг инвестициявий ҳиссаларини тезкор ва самарали жалб этиш учун бошқарув ва инвестиция компанияларини ташкил этиш амалиётини кенгайтириш таклиф этилмоқда.

Ким нима билан шуғулланади?

Бошқарув компаниялари инвестиция компаниялари ўртасида тузилган шартномага мувофиқ уларнинг инвестиция капиталини бошқариш учун ташкил этилади.

Инвестиция компаниялари бошқарув компанияси малакали инвесторлардан жалб этган пул маблағларини кейинчалик инновацион, венчур ва истиқболли лойиҳаларга қўйиш учун уларни шакллантириш ва жамлаш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширадилар. 

Инвестиция компанияларига пул маблағлари кўринишида инвестиция ҳиссаларини қўшадиган, шу жумладан чет эллик юридик ва жисмоний шахслар малакали инвесторлар деб тан олинади. Белгиланишича, ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги юридик шахслар бошқарув ва инвестиция компанияси бўлиши мумкин, акциядорлик жамиятлари бундан мустасно.

Қуйидагилар бошқарув компаниясининг муассислари бўла олмайдилар:

  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган юридик шахслар;
  • устав фондидаги (устав капиталидаги) улуш давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
  • сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва диний ташкилотлар.

Инвестицион ҳиссалар

Малакали инвестор инвестиция компаниясига инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун берган пул маблағлари инвестициявий ҳисса бўлиб, инвестиция компаниясининг устав капиталига ҳисса деб ҳисобланмайди. Битта малакали инвесторнинг энг кам инвестициявий ҳиссаси миқдори камида 500 млн сўмни ташкил этиши керак, у миллий валютада ва/ёки ҳисса киритилган санадаги Марказий банк курси бўйича эквивалентда хорижий валютада киритилиши мумкин. 

Инвестиция компаниялари ва малакали инвесторларга имтиёзлар ва кафолатлар

Жорий харажатлар қоплангандан кейин инвестиция компанияси даромадларининг камида 90%и малакали инвесторлар ўртасида тақсимланадиган бўлса, инвестиция компанияларини юридик шахслардан олинадиган фойда ва дивиденд солиқларидан озод қилиш режалаштирилмоқда.

Малакали инвесторларнинг инвестиция компаниясига ҳиссаларини, шунингдек малакали инвесторлар инвестиция ҳиссасини қўйиш натижасида инвестиция компанияларидан олган даромадларни барча турдаги солиқлардан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Малакали инвесторлар-норезидентларнинг инвестиция компаниясига инвестиция қилиш натижасида олган хорижий валютадаги даромадини (фойдасини) репатриация қилиш ҳуқуқи кафолатланади. 

Қонун ижодкорлиги

Қарор доирасида 2019 йил охиригача «Ўзбекистон Республикасида шериклик тўғрисида»ги Қонунни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш режалаштирилмоқда. У бошқарув ва инвестиция компаниялари, шунингдек малакали инвесторнинг инвестиция фаолиятини тартибга солиши лозим.
Шунингдек янги таҳрирдаги «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш режалаштирилмоқда. Ҳужжат халқаро стандартларга мувофиқ интеллектуал мулк ғояларини тан олиш бўйича тўлақонли шарт-шароитлар яратиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни мустаҳкамлаш мақсадида Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятининг танқидий баҳоланишини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.   

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг