Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЖСТ ва Ўзбекистон: вазият қандай ўзгармоқда?

ЖСТ ва Ўзбекистон: вазият қандай ўзгармоқда?

Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш йўли» мавзусига бағишланган халқаро конференция ўтказилди.

Анжуманнинг устувор мақсади халқаро савдо ҳамкорлигини ошириш бўйича умумий фикрга эга бўлган академик доиралар, ҳукумат ва саноат вакиллари ўртасида билим, илғор тажриба алмашиш ва улар ўртасидаги алоқаларни ўрнатишни осонлаштиришга қаратилган.

Ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакилининг сўзларига кўра: «ЖСТ Ўзбекистон учун, шубҳасиз, устувор вазифа ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Идоралараро комиссия ва музокаралар гуруҳи олдида аниқ вазифалар белгилаб берилган ва эришилиши мумкин бўлган мақсадларни қўйилган».

Учта асосий йўналиш – миллий қонунчилик ва амалиётни ЖСТ қоидаларига уйғунлаштириш, кўптомонлама ва иккитомонлама музокараларни фаоллаштириш бўйича жиддий чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, «Рақобат», «Стандартлаш», «Техник тартибга солиш» тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари кучга кирмоқда. Ўтган ойнинг ўзида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони (2023 йил 15 августдаги ПФ-140-сон) ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори (2023 йил 22 августдаги 408-сон) билан 15 дан ортиқ қонунчилик хужжатлари ЖСТ талабларига мослаштирилди.

ЖСТга аъзо мамлакатларга кўптомонлама музокаралар доирасида 15 дан ортиқ муҳим хужжатлар тақдим этилди. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг 7-йиғилишини ўтказиш бўйича тайёргарлик якуний босқичда.

Бундан ташқари, йил якунига қадар 10 дан ортиқ давлатлар билан музокараларни якунлаш бўйича жиддий чоралар кўрилмоқда.

Маълумки, Жаҳон савдо ташкилотининг асосий вазифаси халқаро савдони либераллаштириш, савдо битимларининг одиллигини таъминлаш, иқтисодий ўсиш ва халқ фаровонлигини оширишдан иборат. ЖСТ ва унга аъзо бўлган мамлакатлардан ички бозорни эркинлаштиришни қатъий талаб қилади. Ҳар бир давлатнинг бу ташкилотга аъзо бўлиш жараёни ўртача 8-10, баъзи мамлакатлар учун эса 10- 5 йилни ташкил этади. Ўзбекистон 1995 йилда ариза топширган бўлишига қарамасдан, фақатгина 2017 йилдан бошлаб, ижобий силжиш кузатила бошланди.

Қайд этиш лозим, Ўзбекистон 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йил ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини янгидан бошлади.

Конференцияда бир қатор вазирлик вакиллари ва ўнга яқин хорижий давлатлардан фахрий элчилар иштирок этишди. Унда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш орқали келажакда эриша оладиган потенциал иқтисодий фойда, чет эл бозорларига кириш ҳамда янги савдо имкониятлари ва халқаро даражада эркин рақобат тизимини ўз-ўзидан яхшилашига ёрдам бериши ҳақида тўхталиб ўтилди.

Кичик бизнес, йирик саноат раҳбарлари ва нодавлат ташкилотларнинг иштироки орқали ЖСТга киришнинг ижобий тарафлари чуқур таҳлил қилиниб, Ўзбекистон учун кенг кўламли имкониятлар яратилиши таъкидланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг