Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Контейнер дўконлардан — экспортбоп маҳсулотларгача: Боғотда аёллар фаоллашмоқда

Контейнер дўконлардан — экспортбоп маҳсулотларгача: Боғотда аёллар фаоллашмоқда

Жорий йилнинг 1–2-май кунлари давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Боғот туманини аёллар ишсизлигидан ҳоли туманга айлантириш, бу борада маҳаллабай ёндашувни жорий этиш ва самарали тажрибаларни оммалаштириш бўйича муҳим топшириқлар берган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Микрокредитбанк» АТБ томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Куни кеча банк Бошқарув раиси ўринбосари Шахло Ибрагимова Боғот туманига ташриф буюриб, давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижроси қандай амалга оширилаётгани билан танишди. Бу ҳақда Банк Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Аёллар учун контейнер дўконлар

«Микрокредитбанк» АТБ ташаббуси билан туманда замонавий контейнер дўконлар ташкил этилди. Уларда китоб дўкони, озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар кийим-кечаклари, тикувчилик устахоналари, гўзаллик салонлари ва бошқа турдаги савдо нуқталари фаолият юритмоқда. Мазкур контейнерларда фаолиятини йўлга қўйган жами 11 нафар хотин-қизга 350 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган. Шахло Ибрагимова уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, муаммо ва таклифларини ўрганди.

Қайд этилишича, 2025 йилнинг май ойи ҳолатида Боғот туманидаги хотин-қизларга давлат дастурлари доирасида ажратилган кредитларнинг умумий миқдори 111 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Бу орқали яратилган ишчи ўринлари сони эса 50 нафарни ташкил этади.

«Бир контур – бир маҳсулот» лойиҳаси: ишсизликка қарши самарали ечим

«Микрокредитбанк» АТБ томонидан Тўпчи маҳалласида яна бир муҳим ташаббус — «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида ижарага ер майдонлари ажратилиб, экспортбоп ва юқори даромадли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш лойиҳаси йўлга қўйилди

10 гектарлик ер майдони маҳалланинг 65 нафар фуқаросига ҳар бирига 15 сотихдан ижара асосида ажратилган бўлиб, бунда биринчи экинда тарвуз маҳсулоти етиштирилмоқда. Бу орқали 7,5 тонна маҳсулот олиш режалаштирилган. Кейинги такрорий экин сифатида сабзи экилиб, ундан 4,5 тонна маҳсулот олиниши кўзда тутилган.

Аҳамиятлиси, лойиҳа натижасида 65 нафар ишсиз фуқаро даромад манбаи билан таъминланади. Ҳисоб-китобларга кўра, тарвуздан 812 миллион сўм, сабзидан эса 507 миллион сўм соф фойда олиниши кутилмоқда.

Аёлларни иш билан таъминлаш — бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. «Микрокредитбанк» АТБнинг Боғот туманида амалга ошираётган ишлари эса бу соҳада амалий натижаларга эришиш мумкинлигини яққол намоён этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг