Марказий банк инфляцияга қарамасдан асосий ставкани ўзгартирмади
Инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайишига қарамасдан, нархларга талаб омиллари билан боғлиқ босимларнинг сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб, йил якунига қадар инфляциянинг прогноз доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Қайд этилишича, умумий инфляция йил бошидан пасаювчи динамикани намоён этиб, июнь ойида йиллик 9 фоизни ташкил қилди. Бунда, ўтган йилги юқори база эффекти таъсирлари тугаб бориши, импорт товарлари ва тартибга солинадиган нархлар нисбатан барқарор бўлганлиги асосий пасайтирувчи омиллардан бўлди. Хизматларга бўлган юқори талабнинг сақланиб қолиши ҳисобига хизматлар инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилмади.
«Маъмурий ва мавсумий омилларнинг нархларга таъсирисиз ҳисобланган базавий инфляция кутилганидан кўра секинроқ пасайди ва июнь ойида 11,3 фоизни ташкил этди. Натижада, базавий инфляция ва умумий инфляция ўртасидаги тафовутнинг ошиб бориши кузатилмоқда. Ўртача йиллик инфляция ҳам жорий инфляциядан юқори шаклланган.
Бу ҳолат нархлар шаклланишида фундаментал талаб омиллари таъсири сақланиб қолаётганлиги, истеъмол бозорларидаги талаб ва таклифнинг тўлиқ мувозанатлашмаганлигини кўрсатмоқда ва истеъмол саватида нархлари 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматлар улушининг юқорилигида ҳам намоён бўлмоқда.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳам пасайиб июнь ойида 13-13,5 фоизни ташкил қилди. Бунда инфляцион кутилмаларнинг асосий омиллари қаторида валюта курси ўзгариши, иш ҳақи ва нафақалар ошишини кутаётган респондентлар улуши ортган.
Иқтисодий ўсиш суръатлари жорий йил биринчи ярим йиллигида 5,6 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори суръатларни қайд этди. Кредитлаш суръатларининг тезлашиши, бюджет харажатларини ортиб бориши, хусусан, иш ҳақи ва нафақаларнинг оширилиши иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлмоқда.
Савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар, кўчмас мулк бозорида олди-сотди битимлари сони, банклараро транзакциялар ҳамда чакана савдо айланмаси ҳажмларининг юқори суръатларда ўсиши иқтисодиётда истеъмол талабининг юқорилигини кўрсатмоқда.
Импорт динамикасида ҳам юқори ўсиш суръатлари кузатилиб, бу бир томондан, ички фаолликни ошаётганлиги билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, валюта бозорида талабни оширувчи омил бўлмоқда.
Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўзининг фундаментал тренди доирасида ўсиб бормоқда.
Глобал иқтисодий фаоллик кутилганидан кўра тезроқ ўсишига қарамасдан унинг келгуси ривожланиш траекторияси бўйича ноаниқликлар юқорилигича қолмоқда. Жаҳон хомашё нархларида юқори эффект таъсирлари тугаб бориши билан глобал инфляцияда пасайиш кузатилмоқда, бироқ аксарият давлатларда базавий инфляция йил охиригача юқори даражада сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.
Савдо-ҳамкор давлатлардаги иқтисодий ўзгаришларнинг ички иқтисодиётга таъсири нисбатан ижобий шаклланса-да, айрим ҳамкор давлатлар миллий валюта курсларига бўлаётган босим сақланиб қолмоқда ва ушбу ҳолат, ўз навбатида, миллий иқтисодиётга маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин.
Жорий йилнинг I ярим йиллигида «нисбатан қатъий» пул-кредит шароитлари таъминланди. Банклараро пул бозорида фаоллик сезиларли ошиб, Uzonia ставкаси ва банклараро Репо операциялари бўйича фоиз ставкалари тўлиқ фоиз коридори доирасида асосий ставкага яқин даражада шаклланди.
Кредит ва депозит бозорларида ўртача фоиз ставкалари ўтган ойлардаги кўрсаткичларга нисбатан деярли ўзгаришларсиз шаклланмоқда.
Иқтисодиётга кредит қўйилмалари ўсишини устувор равишда аҳолига ажратилаётган кредитлар қўллаб-қувватламоқда. Июнь ойи якунлари бўйича аҳолига ажратилган кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробарга ўсди. Бунда, чакана кредитларнинг йиллик ўсиш суръатлари ўтган ойдаги кўрсаткичларга нисбатан бироз секинлашди. Айни пайтда, 2023 йилнинг I ярмида ажратилган корпоратив кредитлар ҳажми 116 трлн. сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ошди.
Миллий валютадаги депозитлар ҳажмининг ўсиш динамикаси сақланиб, депозитларнинг долларлашув даражасини пасайиши давом этмоқда. Миллий валютадаги депозитлар ҳажмининг ошиши муддатли депозитлар бўйича юқори реал фоиз ставкалари билан изоҳланади.
Янгиланган прогнозларга кўра, ташқи иқтисодий шароитларга иқтисодиётнинг мослашувини давом этаётганлиги ва айрим ноаниқликларни сақланиб қолаётганлигини ҳисобга олиб 2023 йил якунлари бўйича реал ЯИМ ўсиши 5,0-6,0 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Бунда, аҳоли даромадлари ошиши, фискал рағбатлар ва хизматлар соҳасидаги фаолликнинг юқорилиги иқтисодий ўсишни асосий қўллаб-қувватловчи драйверлари бўлади.
Жорий йил якуни бўйича инфляция даражаси макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида шаклланиб, 8,5-9,5 фоиз атрофида бўлиши борасидаги прогнозлар ўзгаришсиз қолдирилди.
Жаҳон хомашё нархлари барқарорлашаётган, етказиб бериш занжирлари тикланаётган ва ички иқтисодий фаоллик ортаётган даврда базавий инфляциянинг юқори даражада сақланиб қолиши иқтисодиётда нархларни оширувчи фундаментал талаб омиллари устунлигини билдириб, пул-кредит шароитларининг жорий тенденциясини узоқроқ муддат сақлашни талаб қилади.
Ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари импорт таъминотидаги сўнгги яхшиланиш динамикасининг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши таъсирида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ харажатларни ўсиш хатарлари, юқори талаб динамикаси шароитида нархларга қўшимча босим яратиши мумкин.
Ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун пул-кредит ва фискал сиёсатларни ўзаро уйғун ҳолда олиб бориш мақсадларидан келиб чиқиб, бюджет дефицитини белгиланган параметрлар даражасидан ошмаслигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Келгуси даврларда базавий инфляция прогнози ва инфляцион кутилмаларнинг ишончли пасайиш траекториясига ўтиши, асосий ставкани пасайтириш имкониятларини янада оширади.
Марказий банк пул-кредит шароитларининг ялпи талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирларини баҳолаб барча пул-кредит инструментлари инфляцияни жорий йилги прогноз коридори доирасида шаклланишини ва ўрта муддатда таргет кўрсаткичларига эришишни таъминлашга қаратилади», дейилади хабарда.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 14 сентябрга белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter