Марказий банк қайта молиялаш ставкаси бўйича қарор қабул қилди
![Марказий банк қайта молиялаш ставкаси бўйича қарор қабул қилди](http://static.xabar.uz/crop/2/9/720_460_95_2904897203.jpg)
Марказий банк бошқаруви бугун, 28 апрель куни ўтказилган йиғилишда иқтисодиётдаги мавжуд ва кутилаётган ўзгаришлардан келиб чиқиб, қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди.
Истеъмол нархлари ўсиш суръатларининг секинлашишига қарамасдан, инфляция даражасини 2018 йил учун прогноз кўрсаткичлари доирасида бўлишини таъминлаш бўйича хатарлар сақланиб колмоқда. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.
Асосий истеъмол товарлари нархлари ҳамда валюта алмашув курсининг барқарорлашуви таъсирида иқтисодиётда инфляцион кутилмалар пасайиб бораётган бўлса-да, инфляциянинг кутилаётган даражаси юқорилигича қолмоқда.
Истеъмол баҳолари индекси (ИБИ) усули бўйича ҳисобланган инфляция даражаси 2018 йилнинг январь ойидаги 2,7 фоизлик кўрсаткичдан сўнг, февраль ва март ойларида 1,1 фоизгача пасайиб, прогноз кўрсаткичлари доирасида бўлди.
Ушбу шароитларда, 2018 йил учун инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига катъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш орқали эришилади. Шунингдек, рақобат муҳитини яхшиланиши, ташқи-савдо фаолиятини либераллаштирилиши ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кўрилаётган амалий чоралар ички нархлар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Марказий банк томонидан инфляцион хатарларни баҳолашда макроиқтисодий сиёсатдаги таркибий ўзгаришлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий хатарлар ҳам инобатга олиниб, умумий талаб миқдори ҳамда иқтисодиётнинг истеъмол секторида нархларнинг кескин ошиб кетишини олдини олиш мақсадида пул-кредит сиёсатининг инфляцияни жиловлашга қаратилган йўналиши сақлаб қолинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter