МКБАНК: «Аёллар дафтари»га киритилган тадбиркорлик истагида бўлган хотин-қизларга 99 млрд сўм имтиёзли кредит ажратилди
Бугун «Микрокредитбанк» АТБ томонидан юртимизда аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бу борада дуч келаётган муаммоларига ечим топиш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, 2022 йилнинг ўтган даври давомида 44 073 нафар хотин-қизларнинг тадбиркорликнинг турли йўналишдаги лойиҳаларини молиялаштириш бўйича банк томонидан зарурий чоралар кўрилган ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 872,0 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратиш ҳисобига 44 715 нафар аёллар бандлиги таъминланди.
Масалан, Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи Нозима Аҳмедова банкдан 33 миллион сўм кредит олиб, иссиқхона ташкил қилди ва маҳалласида яшовчи 1 нафар ишсиз аёлни иш билан таъминлади. Жондорлик Моҳичеҳра Менглиева эса паррандачилик учун банкдан кредит олиб, у ҳам 1 нафар аёлни ёнига ишга олди ва айни дамда уйида паррандачиликни кенгайтириш ниятида эканини маълум қилди.
Сурхондарё вилояти Денов туманида истиқомат қилувчи «Аёллар дафтари»га киритилган Шогул Ғоибова ҳам банкдан 33 миллион сўм кредит олиб, маҳалласида тикувчиликни йўлга қўйди ва 3 нафар ёшларни иш билан таъминлади.
«Таъкидлаш лозимки, мазкур ажратилган имтиёзли кредитлар ҳисобига ҳудудларда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, тикувчилик, паррандачилик, иссиқхона, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, асаларичилик, қуёнчилик, ҳунармандчилик, ўзини ўзи банд қилиш ҳамда бошқа соҳаларни янада ривожлантиришга пухта замин яратилди.
Шунингдек, банк тизимида «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чоралари ҳам белгиланган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитларни устувор равишда «Аёллар дафтари»га киритилган ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашга йўналтириш, ушбу дафтарга киритилган хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишдан олдин уларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва бизнес лойиҳаларини тайёрлашга кўмаклашиш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, хотин-қизларни ишга жалб қилган ҳолда кооперация усулида тадбиркорликни йўлга қўйиш юзасидан банк томонидан назорат ўрнатилган. Натижада «Аёллар дафтари» 3-босқичда дафтарга киритилган, тадбиркорлик истагида бўлган хотин-қизларга 99 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилди», дейди Ижтимоий дастурларни амалга ошириш департаменти бошқарма бошлиғи М.Ражапов.
Бугун аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, жумладан, ҳунармандчилик фаолияти субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш ишларини янада такомиллаштириш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш орқали янги иш ўринларини ташкил этишда ҳам банк томонидан муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, «Микрокредитбанк» АТБ хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш учун тадбиркорлик истагида бўлган хотин-қизларга имтиёзли кредит маблағлари ажратилишида кўмаклашади ва бу каби ишларни 2023 йилда ҳам тизимли давом эттиради.
Банк Ахборот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter