Олтин соҳасида «хуфиёна» иқтисодиёт улуши юқори экани кўрсатиб ўтилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Таъкидланишича, 2024 йилда заргарликда ишлаб чиқариш 200 миллион доллардан ошди, экспорт 17 фоизга ўсиб, 92 миллион долларга етди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда йилига 100 тоннадан зиёд олтин қазиб олинаётгани билан имкониятларнинг ўндан бири ҳам ишга солинмаётгани қайд этилди.
Соҳада «хуфиёна» иқтисодиёт улуши юқори экани кўрсатиб ўтилди. Йилига 550-600 миллион долларлик буюмлар норасмий тилла бозорларида айланмоқда. Ёки, мустақил изловчилар 2020 йилда 40 килограмм олтин топширган бўлса, ўтган йили бу 100 карра камайган.
Йиғилишда соҳани «соя»дан чиқариш учун якка тадбиркорларга ҳам тилла буюмлари билан савдо қилишга рухсат бериш, заргарликда миллий бренд яратиш учун хориждан дизайнер, технолог, қимматбаҳо тошлар билан ишлайдиган геммологларни олиб келиш харажатининг бир қисмини қоплаш бўйича таклифлар билдирилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу таклифларни маъқуллади.
Эндиликда заргарлар ҳам якка тадбиркор сифатида тилла буюмлари савдоси билан шуғулланиши мумкин бўлади.
Мутасаддиларга жойлардаги норасмий заргарлик расталарини замонавий кўринишга келтириб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштириш топширилди.
Четдан мутахассис олиб келиш харажатининг 2,5 минг долларгача қисми камида 5 нафар шогирд чиқариш шарти билан қоплаб берилади.
Умуман, заргарликда ҳам саноат усулига ўтиб, ички бозорни ҳимоя қилиш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлаш вақти келгани қайд этилди.
Бунинг учун заргарлик саноатида ишлатиладиган ускуналар ва уларни бутловчи қисмлари импорт божидан озод қилинади.
Навоий ва Олмалиқ комбинатларидан олтинни бўлиб тўлаш асосида сотиб олиш тартиби яна 3 йилга узайтирилади.
Нуфузли брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг дизайни ва қолипини олиб келиш харажатининг 30 минг долларгача қисми қоплаб берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter