Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон банклари устав капиталини камида 500 млрд сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистон банклари устав капиталини камида 500 млрд сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда

«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига ўзгартиш киритишга оид ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унга кўра, банк устав капиталининг энг кам миқдорини босқичма-босқич беш юз миллиард сўмгача ошириш юзасидан тегишли қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Бунда банк устав капиталининг энг кам миқдори:

  1. 2023 йил 1 сентябрдан икки юз миллиард сўмни;
  2. 2024 йил 1 апрелдан уч юз эллик миллиард сўмни;
  3. 2025 йил 1 январдан беш юз миллиард сўмни ташкил этиши лозим.

Қайд этилишича, таклиф қилинаётган мазкур ўзгартиришлар аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг банкларга омонат(депозит) жойлаштиришни рағбатлантиради, тижорий ва бошқа кредитларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, банк хизматлари ҳажмининг ошишига ёрдам беради.

Ушбу тартиб, хорижий давлатлар тажрибасида ҳам мавжуд бўлиб, жумладан, Россияда жисмоний шахслар учун – 1 млрд. рубль (140 млрд. сўм), Грузияда 50 млн. лари (184 млрд.сўм), Арменияда 30 млрд. драм (705 млрд. сўм), Хитойда 1 млрд. юан (1.773 млрд. сўм), Қозоғистонда 10 млрд. тенге (240 млрд. сўм), Беларуссияда 58,1 млн.беларус рубили (225 млрд. сўм) қилиб белгиланган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган тижорат банкларининг сони 33 тани ташкил этиб, шундан 13 тасининг устав капитали (39,39 фоиз) 500 млрд. сўмдан ортиқ, 9 тасининг устав капитали (27,27 фоиз) 200 млрд. сўмдан ортиқ ва 11 тасининг устав капитали (33,33 фоиз) 200 млрд.сўмдан кам.

«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг амалдаги 13-моддасига асосан бугунги кунда банк устав капиталининг энг кам миқдори юз миллиард сўмни ташкил этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг