Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда электр олиш учун табиий газдан фойдаланиш камаймоқда

Ўзбекистонда электр олиш учун табиий газдан фойдаланиш камаймоқда

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистоннинг охирги даврдаги иқтисодий кўрсаткичлари таҳлил қилинди.

Жумладан, январ ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кредит қўйилмалари қолдиғи 14,8 фоизга ҳамда чакана савдо айланмаси 9,2 фоизга, янги ташкил этилган юридик шахс мақомидаги корхона ва ташкилотлар сони 19,1 фоизга ошган. 

Натижада фаолият кўрсатаётган жами юридик шахслар сони 527 минг тани ташкил этиб, йил бошига нисбатан 1,3 фоизга ёки қарийб 7,8 мингтага ошди.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг ўта муҳим таркибий қисми бўлган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳам ортиб бормоқда. Масалан, бу йил январ ойида мазкур кўрсаткич 2024 йилнинг январ ойига нисбатан 4,3 фоизга ўсди ва унинг умумий ҳажми 55,8 трлн сўмга етди. Бундай натижага эришишга саноат таркибида 79 фоиз улушга эга қайта ишлаш саноатининг 5,2 фоизга, 10 фоиз улушга эга тоғ-кон саноатининг 2,3 фоизга ошганлиги салмоқли таъсир кўрсатди.

Иқтисодий ҳамкорларимиз бўлган Россия Федерациясида 2025 йилнинг январ ойида саноат 2,3 фоизга, Қозоғистонда 2,3 фоизга ва Белоруссияда 2,9 фоизга ўсди.

Хитой Статистика бюросининг билдиришича, Хитой саноат корхоналарининг PMI кўрсаткичи (Manafacturing Purchasing Managers Index – ишлаб чиқариш саноати менежерлари харид қилиш қобилияти индекси) 2025 йилнинг январида 1 бандга пасайиб (50,1 дан 49,1 га) сўнгги 5 ойдаги энг паст натижани қайд этган. Бу кўрсаткич, ўз навбатида саноатдаги фаоллик камайганлигини билдиради.

Туркия саноат корхоналарининг PMI кўрсаткичи 2025 йилнинг январида 1,1 бандга пасайиб , 48 бандни ташкил этган. Ушбу пасайиш талабнинг пастлиги ва янги буюртмаларнинг кескин секинлашуви туфайли ишлаб чиқариш саноатидаги жиддий пасайишни акс эттиради.

Шу билан бир қаторда, кичик тадбиркорлик соҳаси ҳам жуда катта сакрашга эришди. Яъни мамлакатимизда кичик тадбиркорлик субъектларига яратилаётган улкан имкониятлар, хусусан, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш миқёсларининг тобора кенгайиб бораётганлиги натижасида бу корхоналар томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 24 фоизга ўсди.

Мисолларга мурожаат қилсак, биргина мебелчилик саноатида кичик корхоналарнинг улуши 38 фоиздан 57 фоизга етди ва тармоқнинг ўсиш суръати 16,7 фоизни ташкил қилди. Ускунасозликда ҳам кичик корхоналарнинг улуши 53 фоиздан 63 фоизга етди ёки ишлаб чиқариш суръатлари 38,3 фоизга ошди.

Бозор иқтисодиётининг муҳим воситаси бўлган биржа савдоси ҳажмлари тобора ошиб бормоқда. Масалан, январь ойида биржада дизель ёнилғиси савдоси 1,9 баравар, автомобиль бензини 1,4 баравар, минерал ўғитлар 37,4 фоиз, мис катоди 36 фоиз, суюлтирилган газ 18 фоиз ва ва полипропилен 7,9 фоизга ошди.

Ўзбекистон мис қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш бўйича дунёнинг энг йирик давлатларидан бирига айланиб улгурди. Соҳага берилаётган улкан эътибор натижасида мис хомашёсини қайта ишлаш натижасида геофизик кабел ишлаб чиқариш 16 фоизга, маиший кабеллар 15 фоизга, кучланиш кабеллари 8 фоизга ўсганлиги ҳам шундан далолат бермоқда.

Саноат ишлаб чиқариш ҳажмлари Наманганда 10,8 фоиз, Хоразмда 10,7 фоиз, Навоийда 10,3 фоиз, Тошкент шаҳрида 10,2 фоиз, Бухорода 5,2 фоизга ўсди.

Саноатда юқори ўсиш натижаларини кўрсатаётган ҳудудлар саноати республика саноатида ҳам юқори улушларга эга. Хусусан, Навоийнинг улуши 23,3 фоиз, Тошкент шаҳри 18,2 фоиз, Наманган 3,9 фоиз ҳамда Бухоро 3,8 фоизни ташкил этади.

Саноат замонавий техника ва илғор технология билан таъминлашнинг аҳамияти жуда катта. Агар бу жараён изчиллик билан давом эттирилмаса, маҳсулотнинг сифати ва нархи жаҳон талабларидан ортда қолиб кетиши мумкин. Шунинг учун январь ойида саноатнинг айрим йирик корхоналарида, жумладан, Олмалиқ КМК, ЖТЛ заводи корхоналарида режали техник-технологик таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Ўзбекистон саноатининг драйвер соҳаларидан бирига айланган тўқимачилик соҳасида барқарор иқтисодий ўсиш изчиллик билан давом этдирилмоқда. Масалан, январь ойида тармоқда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3,6 фоизга ошиб, у салкам 6 трлн сўмни ташкил этди.

Электротехника йўналишида 2024 йили ишга туширилган 4 та йирик лойиҳада январь ойида 73 млрд сўмлик маиший техника, трансформатор, қуёш панеллари, қуёш сув иситкичлари каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Саноатда замонавий технопаркларнинг салмоғи тобора ортиб бормоқда. Масалан, Чирчиқ кимё тeхнопаркида 19 та корхона томонидан январь ойида 27 млрд сўмлик янги турдаги замонавий маҳсулотлар, жумладан, коррозияга қарши ингибитор, овоз кучайтириш ускуналари, гемодиализ учун тиббий буюмлар, бетон учун махсус қўшимчалар, қишлоқ хўжалиги учун микробиологик препаратлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

2024 йилнинг январь ойида мазкур 19 та корхона томонидан бор-йўғи 630 млн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган эди. Уларда ишлаб чиқариш ҳажмлари бир йилда 43 бараварга ошган. 

Январь ойида 7,5 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунда, шартли ёқилғи сарфи юқори бўлган эски энергоблоклар фаолияти чекланиб, давлат-хусусий шериклик асосида ишлаётган станцияларда ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 бараварга ўсди.

Ишлаб чиқарилган электр энергияси учун 2025 йилнинг январь ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 100 млн куб м табиий газ ва қарийб 5 баравар кам мазут сарфланди. 

Қайта тикланувчи энергия манбалари устун даражада ривожлантирилмоқда. Уларда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг январь ойига нисбатан 1,9 бараварга ўсди. “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт” йилида “яшил энергетика”нинг жами электр энергияси ишлаб чиқаришидаги улуши 2024 йил январь ойидаги 7 фоиздан бу йил январь ойида 14 фоизга етди.

Хизматлар соҳаси устувор равишда ривожлантирилмоқда. Масалан, 2025 йилнинг январь ойида бозор хизматлари ҳажми 64,8 трлн сўмни ташкил этди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,4 фоизга ошди.

Ҳудудлар кесимида юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳри (14,0 %), Самарқанд (16,0 %) ва Фарғона (12,4 %) вилоятларида юз берди.

Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликни қисқартиришда хизматлар соҳасининг ўрни жуда катта. Шунинг учун жойларда, айниқса, узоқ қишлоқларда хизматларнинг янги турларини ташкил этишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Натижада хизматлар соҳасида январь ойида 5,7 мингта янги юридик корхоналар ташкил этилди. Бултур январь ойида бу кўрсаткич 4,5 мингта эди.

Январь ойида хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларнинг 68 фоизи кичик тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келди. 2024 йилнинг январь ойида бу кўрсаткич 60 фоиз бўлиб, бу йилги январь ойида бу улуш 8 фоизга ошишига эришилди.

Ички ва ташқи транспорт коммуникациялари ривожи ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Шу туфайли Хитой-Европа йўналишлари бўйлаб ҳаракатланувчи поездлар сони наинки ошиб бормоқда, балки уларнинг хизмат кўрсатиш сифати ҳам яхшиланмоқда.

Бундан ташқари, 2025 йил январь ойида Хитой-ШҲТ зонасида “Циндао-Алтинкўл-Тошкент” янги тезкор юк темир йўл йўналиши ишга туширилди.

Натижада халқаро иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Шу сабаблар ҳамда жаҳон бозорида шаклланган қулай нарх конъюнктураси ҳамда ички иқтисодий фаолликнинг ошиши натижасида мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси 2025 йилнинг январь ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,1 фоизга ортиб, 4,5 млрд долларни ташкил қилди.

Одил Олимжонов, 

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг