Ўзбекистонда инфляцияга қандай омиллар таъсир қилмоқда?
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистонда инфляцияга таъсир этувчи омиллар ва уларнинг динамикасини ўрганиб чиқди.
Инфляция кўрсаткичини паст даражада ушлаб туриш макроиқтисодий барқарорликнинг муҳим омили бўлиб, у ўз навбатида, ижтимоий ривожланиш, инвестиция фаоллигини ошириш, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилувчи таркибий ўзгаришларни давом эттириш учун зарур шарт-шароитларни яратади.
2022 йилнинг май ойида йиллик Истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 11% ни ташкил этди. Унинг таркибида, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси 6 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар инфляцияси, мос равишда 3,6% ва 1,4% га тўғри келади.
Ҳисоб-китоблар савдо ҳамкори бўлган мамлакатлардаги инфляция Ўзбекистондаги инфляцияга таъсир қилувчи асосий омиллардан бири эканлигини кўрсатди. Чунки асосий инфляциянинг тахминан 38 фоизи импорт инфляциясининг ўсиши билан боғлиқ. Ўзбекистонда пул массаси, фоиз ставкаси ва ЯИМ каби талаб омилларининг инфляциядаги улуши 29% ни ташкил этади. Ниҳоят, нархга таъсир этувчи омилларидаги ўзгаришлар Ўзбекистонда истеъмол нархлари индексининг 33% га ўсишига туртки бўлмоқда.
2022 йилнинг 5 ойида Ўзбекистонда умумий инфляция даражаси 11% ни ташкил этган бўлса, бунинг 4,18% ини импорт инфляцияси ташкил қилган. Унда Россия, Хитой, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Туркия каби асосий савдо ҳамкорларимизнинг улуши 2,73% га етди. Импорт инфляциясига Россия ва Хитойдаги инфляциянинг таъсири катта. Ўзбекистоннинг умумий импорти ушбу мамлакатларнинг улуши салмоқли, яъни 21% ва 19%. Шу боис уларнинг инфляцияга таъсири ҳам сезиларли, аниқроғи 0,90% ва 0,81%. Қозоғистон, Жанубий Корея ва Туркиянинг импорт инфляциясига таъсири эса умумий импорт инфляциясининг тахминан 0,45%, 0,30% ва 0,28% ини ташкил этди.
Инфляцияга Россиянинг таъсири асосан саноат товарлари, машина ва транспорт ускуналари йўналишида кузатилади. Худди шундай, Хитойнинг импорт инфляцияси асосан машина ва транспорт ускуналари, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кимёвий маҳсулотлар нархига таъсир кўрсатди. Қозоғистоннинг импорт инфляцияси асосан озиқ-овқат ва саноат товарлари, Жанубий Корея ва Туркиянинг импорт инфляцияси эса асосан машина ва транспорт ускуналари нархларига таъсир кўрсатди.
Ушбу тадқиқотда учта эмпирик моделдан фойдаланилди: Марк-Уп, монетар ва доллар инфляция модели, яъни долларда импорт қилинадиган маҳсулотлар нархининг ошиши.
Таҳлил 2016 йилнинг январидан 2022 йилнинг май ойигача бўлган ойлик маълумотларга асосланиб ўтказилди. Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Давлат статистика қўмитасининг очиқ статистик маълумотларидан олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter