Ўзмиллийбанк ва Хитойнинг Эксим банки стратегик ҳамкорликнинг янги босқичига чиқмоқда

«Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ (Ўзмиллийбанк) Бош офисида Хитой Экспорт-импорт банкининг (Хитой Эксимбанки) 2025 йил февраль ойида лавозимига тайинланган Директорлар кенгашининг раиси Чен Хуаюй бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида томонларнинг 20 йиллик ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, унинг доирасида Ўзбекистонда Ўзмиллийбанк томонидан Хитой Эксимбанки кўмагида қатор муҳим инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳалар амалга оширилгани қайд этилди. Жалб қилинган кредит ресурсларининг умумий ҳажми 1,7 миллиард АҚШ доллардан ошди. Молиялаштириш иқтисодиётнинг асосий тармоқлари – энергетика, транспорт, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш, таълим, сув хўжалиги ва саноатни ривожлантириш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ўзмиллийбанк ва Эксимбанк ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик икки давлат раҳбарларининг шахсий эътибори туфайли Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилган ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларига мувофиқ ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Сўнгги йилларда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик сезиларли даражада ўсди. Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокидаги 3500 дан ортиқ корхона рўйхатга олинган. 2024 йил якунига кўра икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 13 миллиард АҚШ доллардан ошди, Хитой компаниялари иштирокидаги инвестициялар умумий портфели эса 60 миллиард АҚШ долларга етди. 2024 йилда Хитойдан 10 миллиард АҚШ доллардан ортиқ сармоя ўзлаштирилди, 2025 йилда эса бу кўрсаткични 15 миллиард АҚШ доллардан ошириш режалаштирилган.
Томонлар ҳамкорликни янги босқичга чиқаришга тайёр эканликларини билдирдилар. Миллий валюталарда ўзаро ҳисоб-китобларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада 2023 йил май ойида Циан шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё-Хитой» биринчи саммити доирасида имзоланган 2 миллиард юань миқдоридаги кредит линияси муваффақиятли ўзлаштирилгани юксак баҳоланди.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қайта тикланадиган энергетика, металлургия, транспорт инфратузилмаси, туризм, аэропортларни модернизация қилиш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш соҳасидаги лойиҳалар кўрсатиб ўтилди. Хитой Эксимбанки юандаги молиявий воситаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини билдирди ҳамда устувор инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни кенгайтирувчи ва миллий валютадаги ҳисоб-китоблар барқарорлигини мустаҳкамловчи янги кредит линиясини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.
Хитой Эксимбанки билан эришилган янги келишувлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро молия институтларидан умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик кредит линияларини жалб қилиш бўйича топшириқларини амалга оширишга хизмат қилади.
Маълумот учун: Хитой Эксимбанки мамлакатнинг сиёсий молиявий институти ҳисобланади. 2024 йил якунига кўра, Эхимбанкнинг жами активлари 886 миллиард АҚШ долларини, ўз капитали 54 миллиард АҚШ долларини, соф фойдаси эса 400 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Банк халқаро лойиҳаларни молиялаштиришда фаол иштирок этиб, Хитойнинг бошқа давлатлар билан ташқи иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter