Қайси вилоятларда нақд пул билан кўпроқ муомала қилинади?

Марказий банк жорий йилнинг июн ойида Ўзбекистон аҳолиси ўртасида нақд пул муомаласининг ташкил этилиши, нақд пулдаги ҳисоб-китоблар юзасидан электрон сўровнома ўтказди (14 259 та респондент иштирок этган) ва натижаларини эълон қилди.
Унга кўра, аҳоли орасида кундалик тўловларни асосан (одатда) нақд пул шаклида амалга оширувчилар 15 фоизни, банк картаси орқали амалга оширувчилар 33 фоизни ва иккала шаклда амалга оширувчилар 52 фоизни ташкил этди.
Натижалар кундалик харидларини асосан нақд шаклда амалга ошираётган аҳоли улуши Андижон, Жиззах, Наманган, Навоий, Самарқанд вилоятларида юқори эканлигини кўрсатди.
Аҳолининг нақд пул шаклидаги бир марталик харидлари миқдори 100 минг сўмдан – 500 минг сўмгача 47 фоизни, 100 минг сўмгача 35 фоизни, 500 минг сўмдан – 1 млн сўмгача 12 фоизни ва 1 млн сўмдан юқориси 6 фоизни ташкил қилди.
Товарлар (хизматлар) харидини нақд пул шаклида амалга ошириш сабаби бўйича респондентларнинг 56 фоизи харидларни асосан деҳқон бозорларда амалга оширишларини, 17 фоизи тез, хавфсиз ва назорат қилиш қулай эканлигини, 13 фоизи нақд пулда товарлар (хизматлар) арзонроқ эканлигини, 7 фоизи тўлов учун нақд пул талаб қилинишини ҳамда яна 7 фоизи тўлов терминали йўқлигини ва ишламаслигини кўрсатган.
Тўловлар учун нақд пул талаб қилиш ҳолатлари бўйича Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятларида юқори кўрсаткич қайд этилган бўлса, тўлов терминали йўқлиги ёки ишламаслиги ҳолатлари Тошкент шаҳрида кўп кузатилаётганлигини кўриш мумкин.
Банк карталаридан нақд пул ечиб олиш ҳолати ўрганилганда бир ойда ўртача 1-2 маротаба ечиб оладиганлар 42 фоизни, 3-4 маротаба ечадиганлар 35 фоизни ҳамда 5 маротаба ва ундан кўп ечадиганлар 23 фоизни ташкил этмоқда.
Аҳоли жамғармаларини 23 фоизини ўзларида нақд пул шаклида ва шунча қисми банк карталарида, шунингдек 20 фоизи банклардаги омонат ҳисобварақларда сақлашларини билдиришган бўлса, 34 фоизи жамғармалари мавжуд эмас эканликларини маълум қилишган.
Манба: cbu.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter