Қора халқнинг чўнтагига қўл тиқишга уриниш адолатсизликдан бошқа нарса эмас
Марказий банк ва Солиқ қўмитаси шубҳали p2p ўтказмалари (картадан картага ўтказмалар) бўйича маълумотлар алмашинувини бошлаши мумкин. Бу ҳақда «Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасида сўз юритилади, деб хабар берди «Газета.uz».
Ҳужжатга кўра, жисмоний шахсларнинг товарлар ва хизматлар учун картадан картага тўловларини «тартибга солиш» мақсадида Марказий банк ва Солиқ қўмитасига икки ой муддатда агар маълум чегарадан ошиб кетса, шу турдаги операциялар бўйича ўзаро маълумот алмашиш тўғрисида меморандум имзолаш таклиф қилинмоқда.
Жисмоний шахслар учун лимит йилига 100 миллион сўм, тадбиркорлар учун эса йилига 500 миллион сўм қилиб белгиланиши мумкин.
Хавфсиз каналлар орқали ўзаро маълумотлар базалари билан интеграциялашган тизимни 10 июлгача яратиш режалаштирилган. У маълумотни қайта ишлаши ва хавфларни аниқлаши керак.
Солиқ қўмитасининг яна p2p ўтказмалари бўйича маълумотларга кириш имкониятини хоҳлаётганига блогер ва иқтисодчилар кескин муносабат билдиришди.
«Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган яширин иқтисодиётга қарши курашиш чоралари (ҳозирча лойиҳа кўринишида) ижобий таклифлар билан бир қаторда, баҳсталаб, Солиқ қўмитасига яна мутлақ ва назоратсиз ваколатларни тақдим этиш хавфини оширган. Энг ёмони, ушбу идора имкон бўлдики, ўзига қўшимча ваколат ва инструмент олишга интиляпти. Эртага кеч бўлади, бугун ўйлаш керак.
Битта нарсани унутмаслик керакки, ҳозирги бюджет тақчиллигини юзага келтирганлар одамлар, кичик ва ўрта тадбиркорлар эмас, балки ҳисобдорлигини унутган ҳукуматнинг палапартиш сарф-харажати, монополия, йирик бизнес олаётган имтиёзу субсидиялар оқибатидир (мабодо муаммо шунда бўлса). Шунинг учун ҳам икки оёқ бир этикка тиқилган пайт қора халқнинг чўнтагига қўл тиқишга уриниш адолатсизликдан бошқа нарса эмас.
Жисмоний шахслар ўртасида P2P пул ўтказмалари устидан назорат ўрнатишга уриниш яна кун тартибига чиқаётгани хавотирлидир. Ваҳоланки, худди шундай уриниш ўтган йили янги Конституциянинг «41, 65–67-моддалари талабларидан келиб чиқиб, шунингдек, мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик мақсадида» бекор қилинган эди. Ëки Президент тадбиркорлар билан учрашувда «Tax Gap» деган балони бекор қилган ҳолатни эслашнинг ўзи кифоя.
Ҳукумат тайёрлаган яширин иқтисодиётга қарши курашиш дастурида ҳам яна шундай казусларни яратадиган чоралар илгари суриляптики, эртага тадбиркорларни, оддий одамларни қийнашга замин яратилиши мумкин. Назоратсиз, тадбиркорни, оддий одамларни «ямлаб ютишга» тайёр турган конторага қўшимча ваколат бериб, афсусланиб юргандан кўра ҳозироқ етти марта ўйлаб, бир марта кесган яхши. Энергетика ва коммунал хизматлар нархлари ошиб, шундоқ ҳам стрессда турган тадбиркорларни, одамларни, қўпол ўхшатиш бўлса ҳам, қатағон қилиш нотўғри қадам ва нотўғри сигналдир. Ўз қўлимиз билан муаммо яратмайлик», деб ёзади Davletovuz канали.
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса қарор ишлаши учун уни жамият қабул қилиши керак, деб ҳисоблайди.
«Келинг, бир бошдан қайта эслайлик:
Жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн.сўмдан (шу жумладан, чет эл валютаси миллий валюта эквилентида бўлган тақдирда) ва трансакциялар сони 10 тадан ошган P2P операциялари тўғрисидаги ахборотларни солиқ идораларига тақдим этиш лойиҳасига Сенат ва Савдо саноат палатаси қарши бўлгани, Uzcard эса қоралаб чиққани ёдингиздами?
Марказий банк p2p ўтказмалари учун электрон ҳисобварақалари жорий этилишига қарши бўлгани () эсингиздан чиқмадими?
P2P ўтказмалар ҳақидаги ахборотлар солиқ органларига берилиши Янги Конституцияга зид ва ноқонуний эканлиги эсингиздами?
Янги Конституция қабул қилингач, эълон қилинган илк фармонда P2P ўтказмалар ҳақидаги ахборотлар солиқ органларига берилиши талаби бекор қилингани бекоргамасдир?
Нимага унда Солиқ қўмитаси P2P операцияларини ўз назоратига олишга қайта ва қайта уринаверади? Бу нечанчи уриниш? Учинчими ё тўртинчи?
Нега илдиз отган сабаблар билан эмас, оқибат билан курашишга уринишлар тўхтамаяпти?
Солиқчилар истаётган «Товар ва хизматлар учун тўловлар жисмоний шахсларнинг пластик карталари (Р2Р) орқали амалга оширилишини тартибга солиш мақсадида Р2Р операцияларида муайян чегарадан ошган транзакциялар бўйича ўзаро маълумот алмашинуви талабини» Марказий банк қабул қиладими? Марказий банк бир йил, уч йил, тўрт йил аввал ўзи рад этган ва қоралаган қадамга борадими? Нега Конституция, қонунлар ва ўз репутациясини бузиб бунга бориши керак?
Ва нега солиқчиларнинг 4 йилдан буён такрор ва такрор уринишларини жамият қабул қилмаяпти?», деган саволларни қўймоқда иқтисодчи.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter