Табиий газ ва нефт ишлаб чиқариш камаймоқда
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–май ойларида йирик саноат корхоналари томонидан 15,8 млрд метр куб табиий газ, 261,9 минг тонна нефт ва 1,6 млн тонна кўмир ишлаб чиқарилди.
Шу даврда автомобил бензини ишлаб чиқариш 502,2 минг тоннани, дизел ёқилғиси эса 476,4 минг тоннани ташкил этди. Шунингдек, портландцемент ишлаб чиқариш ҳажми 8,2 млн тоннага етди.
Тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатида ҳам ишлаб чиқариш давом этди. Беш ойда 317,1 минг тонна ип калава ҳамда 630,4 минг тонна юмшоқ буғдой ва спелта уни ишлаб чиқарилди.
2025 йилнинг шу даврига нисбатан автомобил двигателлари ишлаб чиқариш 94 257 тадан 103 293 тагача кўпайди. Автомобил бензини ҳажми ҳам 492,4 минг тоннадан 502,2 минг тоннага ошди.
Дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш изчил ўсиб, 442 минг тоннадан 476,4 минг тоннага етди. Портландцемент ишлаб чиқариш ҳам 7,8 млн тоннадан 8,2 млн тоннага кўтарилди.
Айни пайтда айрим стратегик маҳсулотлар бўйича пасайиш кузатилди. Кўмир ишлаб чиқариш 2,5 млн тоннадан 1,6 млн тоннага, нефт 270,8 минг тоннадан 261,9 минг тоннага тушди. Табиий газ ҳажми 18,4 млрд метр кубдан 15,8 млрд метр кубга, газ конденсати эса 482,1 минг тоннадан 391,7 минг тоннага қисқарди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter