«Тошкент» Республика Фонд биржасида грузиялик мутахассис раис сифатида иш бошлайди
2022 йил 15 августдаги «Тошкент» Республика Фонд биржаси Кузатув Кенгашининг йиғилишида Георгий Отарович Паресишвилини биржа Бошқарув раиси сифатида жалб қилишга қарор қабул қилинди.
Георгий Паресишвили 2014 йилдан ҳозирги кунгача Грузия Фонд биржасининг раҳбари бўлиб келган, шу билан бирга Грузия Марказий қимматли қоғозлар депозитарийси Кузатув Кенгашининг раиси ҳам бўлган.
Банк соҳасида ва капитал бозорида 27 йиллик тажрибага эга юқори малакали хорижий топ-менежерни жалб этиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш стратегиясининг бажарилиши ва амалга оширилиши муносабати билан қабул қилинди. Георгий Паресишвилининг асосий вазифалари маҳаллий фонд бозорини халқаро капитал бозори инфратузилмасига интеграциялаш, шунингдек, маҳаллий акциядорлик жамиятларининг ИПО ва СПОларини ўтказишда ёрдам беришдир.
Жумладан, янги бошқарувчининг вазифаларига қуйидагилар киради: иш самарадорлигини ошириш, халқаро илғор тажрибалар асосида листинг ва савдо қоидаларни такомиллаштиришга доир тавсиялар бериш, листинг компаниялари сонини кўпайтириш, умуман бозор инфратузилмаси, IT комплекси фаолияти самрадорлигини ошириш мақсадида бозорнинг тегишли иштирокчилари билан яқин хамкорлик қилиш.
Георгий Паресишвили 1995 йилда Тбилиси давлат университетининг иқтисод факулътетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Тбилисидаги «Absolyut Bank»да бошлаган. 2000-2002 йилларда Мичиган университети Стивен М. Росс бизнес мактабида таҳсил олган ва Бизнес бошқаруви магистри (MBA) даражасини олган. 2000 йилдан 2005 йилгача у Лондон ва Нью-Йоркда Швейцариянинг энг йирик молиявий конгломерати Credit Suisse инвестисия банкининг бўлими бўлган Credit Suisse First Boston’да ишлаган. 2005 йилдан бери Георгий Паресишвили Грузиянинг Terabank, Liberty Bank, Bank of Georgia ва бошқа етакчи банкларида бошқарув лавозимларда ишлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter