Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда самарали энергетика ландшафтига эришиш йўлида муҳим қадам ташланди

Тошкентда самарали энергетика ландшафтига эришиш йўлида муҳим қадам ташланди

10 январь куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Тошкентдаги «Энергия» мувофиқлаштириш ва диспетчерлик марказига энергетика секторини бошқариш бўйича 1,4 миллион долларлик замонавий асбоб-ускуналар ва дастурий таъминотни топширди.

Тадбирда Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Акмал Жуманазаров, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Дэвид Ҳоффман ва «Энергия» мувофиқлаштириш ва диспетчерлик маркази директори Ҳамидилла Шамсиев қатнашди.

«Ўзбекистон марказий географик жойлашуви, бой энергия ресурслари ва асосий инфратузилмаси туфайли минтақада муҳим роль ўйнайди. Марказий Осиёнинг энергетика тизими кенгайиб, янада мураккаблашиб борар экан, энергетика соҳасини ривожлантиришни режалаштириш учун инновацион ечимлар зарурдир. Биз биргаликда қайта тикланувчи энергия манбалари тизимига ўтишнинг мураккаб муаммоларига жавоб бериш учун барқарор келажак учун пойдевор қурмоқдамиз», – деди АҚШ элчиси Ж.Ҳеник.

Элчихона хабарига кўра, ушбу сармоя тармоқ барқарорлигини таъминлаш ва минтақавий энергия савдоси имкониятларини кенгайтириш учун Марказий Осиёнинг электр энергияси оқимини бошқариш ҳамда назорат қилиш қобилиятини оширади.

Ускунанинг ўрнатилиши АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати президентлари қўшма фармонида баён этилган юқори даражадаги устувор вазифаларга мувофиқ ҳолда Ўзбекистон ва бутун минтақада янада мустаҳкам ва самарали энергетика ландшафтига эришиш йўлидаги муҳим қадам деб баҳоланмоқда.

Замонавий ва ҳаётий зарур асбоб-ускуналарни етказиб бериш USAIDнинг минтақавий энергетика лойиҳаси бўлган Power Central Asia орқали амалга оширилади. 39 миллион долларни ташкил этган беш йиллик лойиҳа энергетика сектори фаолиятини яхшилаш, тоза энергия тараққиётини жадаллаштириш, минтақавий алоқаларни кенгайтириш ва трансчегаравий энергия савдосини кенгайтириш орқали энергия хавфсизлиги ҳамда барқарорлигини оширишга қаратилган. Ушбу лойиҳа доирасида АҚШ тоза энергияга 2,2 миллиард доллар сармоя киритди ва шу кунгача Марказий Осиё бўйлаб 2241 мегаватт тоза энергия қувватини ўрнатишга ҳисса қўшди.

Аввал хабар берганимиздек, USAID администратори Саманта Пауэр 2023 йил октябрь ойида юртимизга ташрифи давомида АҚШ Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаш учун 14,2 миллион доллар маблағ ажратишини маълум қилган эди. Ушбу маблағ силга, эпидемия ва пандемия таҳдидларига қарши кураш, бизнес ва хусусий секторни мустаҳкамлаш, янада масъулиятли ва самарали маҳаллий бошқарув каби йўналишларда сарфланиши кўзда тутилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг