Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Устюрт кенгликларидаги газ булоқлари (видео)

Устюрт кенгликларидаги газ булоқлари (видео)

Минг йилларки инсон оловдан қувват олиб келади – «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Устюрт кенгликларига ташкил этилган сафардан катта таассуротлар билан қайтишимизга ишонгандик, лекин кўрганларимиз кутганимиздан ҳам аъло чиқди. Таъбир жоиз бўлса, бир кунда бир йилга татийдиган таассурот билан қайтдик.

Биз кутган «экшен» ҳали конга етиб бормасданоқ бошланди. Мўйноққа етмай чапга қайрилиб, чўлга кирганимиз ҳамоно «Ўзбекнефтгаз»нинг қудуқ қазийдиган минорали бурғулари кўзга ташланди. Ҳали етиб бормасимиздан эса кучли шовқин эшитилди, худди тўртта вертолёт бир жойдан ҳавога кўтарилаётгандек. Ҳамкасблар бир-бирига саволомуз тикилдилар: нима бу?

Гарчи шу соҳада у ер, бу ерга бориб, оз-моз тажрибага эга бўлсам-да, мен ҳам ҳаёлимга келган тахминни дарров айтишга иккиландим, чунки қудуқдан чиқаётган газнинг шовқини бунчалик бўлмасдида?!

Конга етиб борганимизда эса ўша тусмолни айтавермаганимга афсус қилдим. Дарҳақиқат кондан газ отилиб чиқаётган экан, аммо бунақа важоҳат билан чиқаётган газни мен ҳам олдин кўрмаган эканман – газчиларимиз Қуйи Бердақ конида, 4 200 метр чуқурликда янги газ булоғи очибди. Булоқки, суткасига бир миллион метр кубдан ортиқ газ беради.

Шовқини ҳам шунга яраша. Ёнида тура олмайсиз. Хурсандчилигини айтмайсизми...

Қудуқни кўрдик, тасвирга олдик, лавҳалар тайёрладик. Шундан сўнг режадаги иккинчи объект томон йўл олдик. Газни олган яхши, аммо уни шундайлигича истеъмолчига қувурдан узатиб юбора олмайсиз. Чунки унинг таркибида турли бирикмалар бўлиб, тозалаш лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги «2017- 2021 йилларда углеводород хом ашёси қазиб олишни кўпайтириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида 2019 йил декабрь ойида ишга туширилган «Арслон» газни комплекс тайёрлаш қурилмасида айнан шундай ишлар бажарилади. Комплекс 2 та паст ҳароратли сепарациялаш тармоқларидан иборат бўлиб, ҳар бири кунига 3,0 млн куб метр йилига 2,0 млрд куб метр табиий газни комплекс тайёрлаш қувватига эга.

Бу ерда «Арслон», «Қуйи Сургил», «Ғарбий Қуйи Сургил» конларидан қазиб олинаётган газ таркибидан қатлам суви, механик бирикмалар ҳамда суюқ углеводородлар ажратиб олиниб, давлат стандарти талабларига етказилади ва «Ўзтрансгаз» АЖ магитрал газ қувурларига узатилади. Бир сўз билан айтганда, табиий газ турли заҳарли моддалардан тозаланиб, истеъмолга яроқли қилиб берилади.

Шу ўринда айтиб ўтайлик, Ўзбекистонда йил ўтгани сари газ истеъмоли ўсиб бормоқда. Бунинг бир қатор сабаблари бор – тадбиркорлик ривожланяпти, ишлаб чиқариш корхоналари кўпаймоқда, уларнинг барчасига газ керак. Қолаверса, электр энергияси ишлаб чиқаришнинг салмоқли қисми, 85 фоизи ҳам ИЭСларда газ ёқиш орқали олинади. Аҳоли истеъмоли ҳам ошиб бормоқда.

Бу эса ўз навбатида газ танқислигини ҳам келтириб чиқаряпти. Демак, газ қазиб олиш ҳажмини ошириш лозим. «Ўзбекнефтгаз» бу борада бир қатор ишларни режалаштириб қўйган.

Бизга маълум қилишларича, сўнгги икки йилда Устюрт бошқармасининг ўзида углеводородларни қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар бажарилиши ҳисобига 57 та янги қудуқ бурғиланган, 95 та қудуқлар мукаммал таъмирланди, 100 км дан ортиқ ҳар хил турдаги газни ташувчи қувурлар қуриб ишга туширилди.

Айни кунларда эса газ қазиб олиш истиқболини янада ошириш учун жуда катта тадбирга қўл урилган – юртимиз тарихида илк марта 6 500 метр чуқурликда газ қидириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун катта чуқурликдаги (4500-6500 метр) қатламларда углеводород уюларини излаш мақсадида «Ғарбий Қуйи Сургил» майдонида 6500 метр лойиҳавий чуқурлик билан параметрик қудуқ бурғиланмоқда.

Ишонамиз, бу қудуқ ўзбек газчилари тарихида янги саҳифа очиб беради.

Устюртдан қайтаётганимизда кун охирлаган, қуёш ботаётган эди. Биз учун бирмунча оғир, аммо жуда сермазмун бўлган кун шу тариқа якунига етди.

Зафар ҚОСИМОВ
Тошкент – Мўйноқ - Устюрт

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг