Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вилоят ҳокимларига Дўстлик тажрибасини жорий қилиш топширилди

Вилоят ҳокимларига Дўстлик тажрибасини жорий қилиш топширилди

Фото: Xabar.uz

Президент йиғилишида Жиззах вилояти Дўстлик тумани мисоли кўриб чиқилди.

Туманда хитойлик инвесторлар билан сув бошқарувини ақлли тизимга ўтказиш бўйича лойиҳа якунига етказилди.

Сув тақсимланадиган 2 мингта нуқтага ҳисоблагич ва видеокамера ўрнатилиб, кимга қанча сув боргани аниқ кўринади. Автоматлашган бошқарув орқали 20 фоиз, суғориш тармоқларини таъмирлаш ҳисобига яна 10 фоиз сув тежалади. Сув бошқаруви хусусий секторга берилиб, фермерлар билан кооперация тузилади.

Вилоятлар ҳокимларига Дўстликдаги янги тизимни ўрганиш, вилоятидаги сув таъминоти оғир ва харажати қиммат 1 тадан туманда Дўстлик тажрибасини жорий қилиш топширилди.

Ноябрь-март ойлари каналларни бетонлаш учун энг қулай вақтлиги таъкидланди. Ҳали 18 минг километр магистрал ва 94 минг километр ички каналларни бетонлаш зарур.

Каналларда йилига 13 миллиард куб метр сув йўқотилаяпти. Бу – Андижон, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарёнинг бир йил ишлатадиган сувига тенг.

Шу сабабли келгуси йилда бетонлашга 800 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Масъул идораларга 66 та магистрал канал лойиҳаси ва экспертизасини якунлаб, қурилиш ишларини тез фурсатда бошлаш, бунга арзон цемент етказиб беришни ташкил қилиш топширилди.

Умуман, ҳокимлар олдига фермер ва кластерлар билан биргаликда 1 апрелгача 15 минг километр ички ариқларни бетон қопламага ўтказиш вазифаси қўйилди.

Мутасаддилар ҳар бир каналга ажратилаётган ҳар бир сўмни мақсадли, тежамкорлик билан тўғри ишлатиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Президентимиз 2025 йил сув хўжалигида “Насослар самарадорлигини ошириш йили” бўлишини таъкидлади.

Ҳозир республикадаги 2,5 миллион гектар ерни суғоришга 1 минг 600 дан зиёд насос станция йилига 6,8 миллиард киловатт электр сарфлаяпти. 2017 йилда 2 миллион гектарга 8,3 миллиард киловатт ишлатилар эди.

Хусусий шериклик асосида тежамкор насос ва қуёш панелларини ўрнатиб, 20 фоиз электрни тежаш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга Жиззах ва Наманган бош насос станцияларини шаффоф ва жозибадор шартда халқаро тендерга чиқариш топширилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг