Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

1 сентябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

1 сентябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

Фото: iStock

2026 йил 1 сентябрдан миллий қонунчиликда кучга кирадиган асосий ўзгаришлар шарҳи тақдим этилди. 

Аграр соҳада тўловлар агентлиги Давлат бюджети ҳисобидан урғочи наслдор қорамолларни сақлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратади.

Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 7 фоизга оширилади.

МҲТЭКМ, БҲМ, давлат божлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ миқдорлари оширилади.

Газ баллон ускуналари бўйича амалдаги техник кўрикдан ўтмаган автомобилларга газ тўлдириш тақиқланади.

Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатлардан таклиф этиладиган туроператорлар вакилларининг транспорт, яшаш ва овқатланиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Шунингдек, маҳаллий туроператорларнинг хориждаги ахборот-тушунтириш тадбирлари бўйича харажатларининг 25 фоизигача (лекин 500 млн сўмдан кўп бўлмаган) қисми қопланади.

Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълимга жалб қилиш бўйича «оилабай» ишлаш тизими жорий этилади. Бунда ижтимоий ходим ота-оналарга таълим ва ижтимоий хизматлар олишда амалий кўмак кўрсатиб боради.

Коррекцион синф ташкил этган нодавлат мактабларга ушбу синфда таълим олаётган ҳар бир ўқувчи учун давлат томонидан субсидиялар ажратилади.

«1146» қисқа рақамли ишонч телефони орқали одам савдосидан жабрланган шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинади. Уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа масалалар бўйича маслаҳатлар берилади.

Бошпанасиз шахсларнинг розилигисиз уларни суд қарори асосида ижтимоий марказларга жойлаштириш амалиёти бекор қилинади. Улар фақат уларнинг розилиги билан жойлаштирилади, вақтинчалик бошпана, озиқ-овқат ҳамда шахсий гигиена воситалари билан таъминланади.

Бошпанасиз шахсларнинг бандлигини таъминлаш янги қоидалар асосида амалга оширилади.

Спорт мактаблари ходимларига оммавий спорт тадбирлари иштирокчиларини ривожлантириш ва саралаш ишлари ҳамда спорт натижалари учун базавий иш ҳақига ҳар ойлик қўшимча устамалар тўланади.

«Ўзсувтаъминот» томонидан фойдаланишга топширилган барча инфратузилмани ривожлантириш лойиҳалари дастурларни амалга ошириш мониторинги ахборот тизимида акс эттирилади.

4–6 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида Парламентлараро иттифоқ Ёшлар парламенти аъзоларининг XII Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтади.

Электрон давлат харидлари тизимида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш учун махсус саҳифа ишга туширилади.

Барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ қуйиш иншоотларида, шу жумладан ўз эҳтиёжлари учун ёқилғидан фойдаланадиган объектларда ортиқча босим остида ишлайдиган, хизмат муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси номаълум бўлган ускуналардан фойдаланиш чекланади.

Пойтахт жамоат транспорти ва шаҳар атрофи темир йўл йўналишларида йўл ҳақини тўлашнинг интеграциялашган тизими, шу жумладан «электропоезд – автобус» ва «электропоезд – метро» тариф режалари жорий этилади.

Асосий фаолияти концерт томошалари, кинематография, болалар учун контент яратишдан иборат бўлган субъектлар, нодавлат театрлар ва театр-студиялар, шунингдек, маданият ва санъат йўналишидаги хусусий таълим ташкилотлари ҚҚС, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи ва мол-мулк солиғидан, уларда фаолият юритувчи ходимлар эса – ЖШДСдан озод этилади.

Бюджетдан молиялаштириладиган театрлар ва концерт-томоша муассасаларида фаолият юритувчи рақс жамоалари бадиий раҳбари, балетмейстери, репетиторлари ва балет артистларининг лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентлари миқдори 2 бараварга оширилади.

«Чуқур даражадаги ақлий заифлик» ташхиси қўйилган 18 ёш ва ундан катта ёшдаги шахсларни парваришлаш билан банд бўлган қонуний вакилга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болани парваришлаш бўйича нафақа миқдорида ҳар ойда парваришлаш нафақаси тўланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг