Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«103»га ёлғон қўнғироқлар оқибати оғир бўлади

«103»га ёлғон қўнғироқлар оқибати оғир бўлади

Фото: Xabar.uz

Ўтган йили «103» хизматига сурункали касалликлари бўлган беморлардан 573 мингдан ортиқ мурожаатлар тушган бўлса, бу йилнинг 11 ойи давомида 832 минг нафарга яқин шу тоифадаги чақириқларга хизмат кўрсатилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига кўра, аслида, сурункали касалликлари бўлган беморлар ўзлари яшаб турган ҳудудларидаги оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктига мурожаат этиб, шифокор тавсияси асосида муолажаларни узлуксиз тарзда тўғри олиб борса, аввало, ўз соғлиғи учун фойдали бўлади.

Чунки тез тиббий ёрдам ходимларининг қўлида поликлиникада бор бўлган лаборатор таҳлиллар  ва инструментал жиҳозлар мавжуд бўлмагани учун улар чақириқ давомида чуқур таҳлил ўтказиши ва даволаши имконсиз.

Шу сабабли улар беморни даволамайди, балки юзага келган ҳолат бўйича шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатади, яъни фақат симптоматик даво чораларини кўради.

Қайд этилишича, 2019 йилда «103» хизматига тушган мурожаатларнинг 95 мингдан зиёди, 2020 йилда 133 мингга яқини тез ёрдам ходимлари томонидан натижасиз чақириқлар, деб баҳоланган.

Бу «103» хизмати ходимлари келгунига қадар ўлим ҳолати содир бўлгани ёки бемор «тез ёрдам» келишини кутмай йўловчи транспортда олиб кетилгани, ёлғон чақириқ, манзил топилмагани, тез тиббий ёрдам рад этилган каби қатор вазиятлар билан боғлиқдир.

Афсуски, «103» хизматига ёлғон қўнғироқлар келиши ҳамон давом этмоқда. Энг ачинарлиси, бундай вазият оддий чақириқдан кўра кўпроқ вақт ва меҳнат талаб қилади. Устига устак, шифокор ҳам, тиббий ёрдам машинаси ҳам узоқ вақт банд бўлиб қолади.

Бу эса нафақат «тез ёрдам» ходимларининг вақтини олади, балки қатор «103» кўмагига муҳтож беморларнинг кутиб қолишига, ҳатто уларнинг ҳаётини сақлаб қолишни  қийинлаштиришга ҳам сабаб бўлиши мумкин, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг