Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

138 нафар ҳоким ва ўринбосарлар тадбиркорлик билан шуғуллангани маълум бўлди

138 нафар ҳоким ва ўринбосарлар тадбиркорлик билан шуғуллангани маълум бўлди

Фото: «Xabar.uz»

Антикоррупция агентлиги 1378 нафар давлат хизматчиси, жумладан, 138 нафар ҳоким ва ўринбосарлари, 1092 нафар ҳоким ёрдамчилари давлат иши билан биргаликда тадбиркорлик билан ҳам шуғулланиб келаётганини аниқлади.

Қайд этилишича, қатор тендерларда амалдорлар ва уларнинг яқинлари ғолиб чиққан.

Сентябрь-октябрь ойларида Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Фаргъона ва Хоразм вилоятларида давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келинаётгани ҳолатлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди, дея хабар бермоқда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати.

Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу вилоятларда жами 1378 нафар давлат хизматчиси (138 нафари ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, 148 нафари давлат банклари бошқарувчиси ва уларнинг ўринбосарлари, 1092 нафари ҳоким ёрдамчилари) давлат хизмати билан бирга (раҳбар ёки таъсисчи сифатида) тадбиркорлик фаолияти билан ҳам шуғулланиб келаётгани аниқланди.

Шунингдек, агентлик томонидан ҳудудларда давлат ташкилотларининг мансабдор шахслари ва уларнинг яқин қариндошларига тегишли корхоналар давлат харидларида иштирок этиб, ғолиб бўлгани аниқланди.

Хусусан, 2021−2022 йилнинг 6 ойи давомида Бухоро вилоятида 340 та ҳолатда 34,3 млрд сўмлик давлат харидларидан 19 та ҳолатда ташкилот раҳбари ва молиявий масалалар бўйича ўринбосарлари, 72 та ҳолатда бухгалтерия ходимлари, 24 та ҳолатда омбор мудири ва таъминот ходимлари, 30 та ҳолатда инженер ва техник назоратчилар, 20 та ҳолатда шартномаларнинг ҳуқуқий экспертизасини амалга оширувчи юристлар ва қолган ҳолатда бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлган.

Шу каби Сурхондарё вилоятида 155 та ҳолатда 16,1 млрд сўмлик давлат харидларидан 67 та ҳолатда бош ҳисобчи, ҳисобчи ва иқтисодчилар, 60 та ҳолатда хўжалик ва омбор мудирлари, 28 та ҳолатда бўлим бошлиқлари ва бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлгани аниқланди.

Масалан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан 2021 йилда амалга оширилган Термиз шаҳридаги 6-мактаб биносини реконструкция қилиш бўйича 8 млрд сўмлик давлат харидида ушбу компаниянинг етакчи мутахассиси таъсисчилигидаги МЧЖ билан тўғридан-тўғри шартнома тузилган.

Худди шундай, Самарқанд вилоятида 277 та ҳолатда 10,9 млрд сўмлик, Фарғона вилоятида 158 та ҳолатда 8,1 млрд сўмлик, Сирдарё вилоятида 20 та ҳолатда 1,6 млрд сўмлик, Қашқадарё вилоятида 66 та ҳолатда 1,1 млрд сўмлик, Навоий вилоятида 14 та ҳолатда 0,3 млн сўмлик давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларда аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилган.

Ушбу ҳолатларни бартараф қилиш ва келгусида йўл қўймаслик ҳақида тақдимномалар киритилган, шунингдек, давлат харидларида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш орқали коррупциявий хавф-хатарларга йўл қўйилишининг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган тадбирлар давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг