Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

22 март — Бутунжаҳон сув куни. Олтиндан қиммат неъмат...

22 март — Бутунжаҳон сув куни. Олтиндан қиммат неъмат...

фото: Freepik

Она сайёрамизнинг космосдан олинган суратларига қарасангиз, у кўм-кўк бўлиб кўринади. Ер юзасининг 71% қисми сув билан қопланган. Аммо бу манзара инсониятни чалғитади. Аслида, Ердаги жами сувнинг 97.5% қисми шўр бўлиб, уммонлар ва денгизларда жойлашган. Уни ичиш ёки экинларни суғориш учун тўғридан-тўғри ишлата олмайсиз. Қолган 2.5% чучук сувнинг катта қисми ҳам музликларда ёки чуқур ерости қатламларида турибди. Инсониятнинг эҳтиёжлари учун осонликча етиш мумкин бўлган сув миқдори жами сув захирасининг атиги 1 фоизини ташкил этади.

Саккиз миллиардлик сайёра аҳолиси, бутун саноат ва қишлоқ хўжалиги ана шу митти захирага қарамдир. Жаҳон Ресурслари Институти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёнинг 25 та давлати ўта оғир сув танқислигига юз тутган. Булар асосан Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Осиёнинг айрим ҳудудларидир. Марказий Осиё минтақаси ҳам ана шу қизил ҳудудга яқин турибди. БМТнинг “Сув ресурслари ҳолати” ҳисоботига кўра, агар ҳозирги истеъмол суръатлари сақланиб қолса, 2030 йилга бориб дунёда сувга бўлган талаб мавжуд ресурслардан 40% га ошиб кетади. Бу дегани, сайёранинг деярли ярим аҳолиси сув етишмовчилиги қийинчиликларини ҳис қила бошлайди. Келажакда давлатлар нефть ёки олтин учун эмас, айнан сув учун курашадилар. Трансчегаравий дарёлар атрофидаги зиддиятлар шундан дарак бермоқда. Одамлар чанқоқлик ва озиқ-овқат етишмовчилиги сабабли ўз ватанларини ташлаб кетишга мажбур бўладилар. “Иқлим қочқинлари” атамаси тез орада энг катта сиёсий бош оғриғига айланади.

Ўзбекистон ўз географик жойлашувига кўра мураккаб шароитда. Мамлакатдаги жами сув ресурсларининг қарийб 80% қисми унинг ҳудудидан ташқарида – қўшни Тожикистон ва Қирғизистондаги музликлардан бошланадиган Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида шаклланади. Биз бу йирик қон томирларга ҳаётий боғлиқмиз. Бизда асрлар олдин шаклланган тупроқ ўзанли каналлар ва ариқлар орқали сув етказиб берилади. Натижа қандай? Сув далага етиб боргунига қадар унинг 35-40 фоизи очиқ ҳавода буғланиб ёки ерга сингиб йўқолади. Бу ҳар йили миллиардлаб кубометр ҳаёт манбаи исроф бўлмоқда дегани. Исрофнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суғоришда сув йўқотишларини камайтириш ва сув танқислигининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат мамлакатимизда мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, сув йўқотишларининг олдини олиш ҳамда сув танқислигининг салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган.

Сув танқислиги фақатгина жўмракдан сув келмай қолишини англатмайди. Бу занжирли реакциядир. Сув камайдими, ҳосил камаяди. Боғлар қурийди, ғалла ва пахта ҳосилдорлиги тушиб кетади. Бозорда озиқ-овқат таклифи камайгач, унинг нархи ошади. Озиқ-овқат инфляцияси бевосита ижтимоий беқарорликка олиб келувчи омилдир. Қишлоқ аҳолисининг асосий даромади ер билан боғлиқ. Сув бўлмаса, одамлар ерни ташлаб, ишлаш учун катта шаҳарларга ёки хорижга кетишга мажбур бўлади. Бу ўз навбатида шаҳарлар инфратузилмасига улкан юклама туширади ва камбағаллик даражасини оширади. Чучук сув камайгани сари тоза ичимлик суви сифати ёмонлашади. Очиқ сув ҳавзаларининг ифлосланиши инфекцион ва ошқозон-ичак касалликларининг урчишига сабаб бўлади.

Жаҳондаги ривожланган ва сувга муҳтож давлатлар қатор инновацион ислоҳотларни жорий қилмоқда. Исроил тажрибасига қарайлик. Ҳудудининг ярмидан кўпи чўл бўлган давлат қишлоқ хўжалигида мўъжиза яратди. Улар сувни шланглардан эмас, ўсимликнинг бевосита илдизига томизиш тизимини қўллайдилар. Бу сув сарфини 50-70% гача тежайди ва ҳосилдорликни оширади. Сингапур митти давлат бўлишига қарамай, НEWатер технологияси орқали оқова сувларини юқори даражада тозалаб, яна истеъмолга қайтармоқда. Улар оқова сувларнинг деярли 100% қисмини йиғиб, тозалашга эришган. Саудия Арабистони ва БАА каби давлатлар миллиардлаб доллар сарфлаб океан ва денгиз сувини туздан тозаловчи заводлар қурган. Улар эҳтиёжларининг катта қисмини шу орқали қопламоқда. Нарх сиёсати энг кучли қуролдир. Келажакда сув иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи асосий воситага айланади. Унинг қиймати олтин, нефть ва ерданда баландроқ бўлади.

Сув масаласи нафақат гидрологлар ёки экологларнинг тор доирадаги муаммоси, балки ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаёти ва келажагига бевосита дахлдор бўлган умумиллий ва умумбашарий бурчдир. Сувнинг қадрини англаш аввало, масъулиятдан бошланади. Давлат даражасидаги улкан лойиҳалар ёки халқаро келишувлар қанчалик муҳим бўлмасин, агар оддий фуқаро ўз хонадонида, тадбиркор ўз ишлаб чиқаришида ёки деҳқон ўз даласида сувни исроф қилишда давом этса, кўзланган натижага эришиш имконсиз. Ҳар бир томчи сувни тежаш келажак авлодларнинг яшаб қолиши учун қўшилган ҳиссадир. Исрофгарчиликка чек қўйиш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ва табиатга нисбатан истеъмолчилик кайфиятидан асраб-авайлаш тамойилига ўтиш бугунги куннинг энг асосий талаби.

Хулоса қилиб айтганда, сув хавфсизлиги жамиятнинг барча қатламлари бирлашишини талаб қиладиган ягона занжир. Мутахассислар ечимларни таклиф этади, бироқ уларни ҳаётга татбиқ этувчи, асровчи ва қадрловчи куч халқдир. Сувни муқаддас билиш ва уни келажак авлодларга соф ҳолда етказиш – бу ватанпарварликнинг энг олий кўриниши ва барчамизнинг инсоний бурчимиз.

Нодира Иброҳимова,
Сув соҳасида барқарор ривожланиш маркази ходими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг