Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аждодлар хотираси нархи

Аждодлар хотираси нархи

Фото: «Xabar.uz»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасидаги қурилиш ушбу ҳудуд ва бошқа ер участкаларини инвесторларга сотиш ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилаётганига муносабат билдирди.

Газета.уз ёзишича, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3 апрелдаги 178-сонли қарори билан «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси ҳудудидаги объектлар қурилиши пойтахт ҳокимлигининг маҳаллий бюджети ва бошқа ҳудудлардаги ер участкаларини инвесторларга сотиш ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилмоқда экан.

Лекин қарор учун асос қилиб олинган давлатимиз раҳбарининг «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5598-фармойишида «Шаҳидлар хотираси» майдонида амалга ошириладиган қурилиш тадбирлари учун давлат бюджети ҳамда грант ва ҳомий маблағлари молиялаштириш манбалари сифатида келтирилган.

Қолаверса, фармойишга мажмуада фақатгина рамзий китоб яратиш ва Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ходимлари учун алоҳида хизмат биносини қуриш белгиланган. Қандайдур маиший хизмат бинолари ёки савдо дўконлари, WiFi ҳудудлари ёки амфитеатр қуриш умуман кўзда тутилмаган.

Шунингдек, Президентимизнинг Ер муносабатларини тартибга солишга оид 8 июндаги ПФ-6243-сонли Фармонига асосан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни сотилиши фақат электрон онлайн-аукцион орқали бўлиши белгиланган бўлиб, Фармон расман эълон қилинган кундан бошлаб қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунига қадар мазкур Фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилган. Шундан келиб чиқиб, ВМ қарорида инвесторларга тўғридан-тўғри сотилиши  кўзда тутилган ерлар савдоси тўхталиши керак эмасми? (агар Фармон чиққунча сотиб улгурулмаган бўлса албатта).

Бундан ташқари, ВМнинг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан, Тошкент шаҳридаги «Шаҳидлар хотираси» хиёбони моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти сифатида қайд этилган.

2019 йил 30 августда қабул қилинган 560-сонли қонун билан эса давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш, шунингдек, уларнинг ҳудудларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Шундоқ ҳам Тошкентнинг бир неча боғ ва хиёбонлари кимларнингдур тижорий мақсадлари йўлида хусусийлаштирилди ёки тугатилиб, ўрнида кўп-қаватли уйлар қуриб бўлинди. Шу кунгача бу ишларни ҳаммамиз билиб, билмасликка олдик, ҳаммасига кўз юмиб келдик.

Лекин Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги йўлида мардона кураш олиб бориб, шу йўлда азиз жонларини фидо қилган юз минглаб аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган хотира мажмуасидан ҳам тижорат мақсадларда фойдаланиш тўғрими? Мустабид тузум давридаги қатағонлар туфайли қурбон бўлган, инсонийлик шаъни, қадр-қиммати топталган ватандошларимизнинг хотирасини топташ, руҳини чинқиратиш эмасми бу? — деб ёзади депутат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг