Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Акс-садо: каттақўрғонлик боғча мудири нега ишдан олинди?

Акс-садо: каттақўрғонлик боғча мудири нега ишдан олинди?

Фото: «Uz24.Uz»

Аввалроқ «Xabar.uz»да журналист Каримберди Тўрамуроднинг «Тақдири тўрт кунда ҳал этилган аёл адолат истайди» номли мақоласи эълон қилинган эди. Ушбу мақолага Каттақўрғон туман мактабгача таълим бўлими мудири Фарида Ҳамдамова раддия билдирди.

Қуйида раддия матнини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Мақолага асос бўлган шикоят муаллифи Тамара Эримматованинг ёзган кўплаб шикоят аризалари туман, вилоят бошқарма ва ташкилотлари мутасаддилари иштирокида бир неча бор ўрганиб чиқилиб, унинг аризаси асоссиз эканлиги исбот этилган.

Фуқаро Тамара Эримматова қонуний равишда эгаллаб турган вазифасидан озод этилган бўлишига қарамасдан Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси буйруғидан норози бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига мурожаат этади. Суд ўз навбатида жорий йилнинг 26 февраль куни даъвогарнинг аризаси бўйича суд жараёнига раислик қилган Т.Рустамов томонидан кўриб чиқилиб, даъвогарнинг ишга тиклаш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилмайди. Биринчи инстанция суди қароридан норози бўлган фуқаро Т.Эримматова фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясига мурожаат этади. Вилоят суди ишни 2018 йил 24 апрель куни атрофлича ўрганиб, суд қарорини ўз кучида қолдирди.

Савол туғилиши табиий: Тамара Эримматова нима учун ишдан олинди?

Гап шундаки, Каттақўрғон туман мактабгача таълим бўлими 2017 йил 26 декабрда ўтказган текширувда собиқ мудир 18 миллион 812 минг 755 сўм камомадга йўл қўйгани маълум бўлади. Бундан ташқари, Каттақўрғон туман прокуратураси киритган тақдимнома орқали унга маъмурий жазо берилган.

Вилоят молия бошқармаси 2017 йил 1 декабрь куни киритган тақдимномада эса молиявий камомадларга йўл қўйилгани айтилган. Аммо Тамара Эримматова бндан хулоса чиқармади.

Собиқ мудир томонидан шикоят аризасида кўрсатилган важлардан бири туман мактабгача таълим бўлими мудири Ф.Ҳамдамова мансабини суиистеъмол қилиб, ундан 100 АҚШ доллари олганлигидир. Бу борада Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаментининг Каттақўрғон туман бўлими томонидан 2018 йил 12 февраль куни киритилган тақдимномада мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида Ф.Ҳамдамованинг ҳаракатида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

«Xabar.uz» интернет сайти раҳбарияти қуйидаги фактларга ҳам алоҳида эътибор қаратишини жуда-жуда истаймиз. Вазирлар Маҳкамасининг 528-қарорида мактабгача таълим муассасасига болалар 3 ёшдан қабул қилиниши кўрсатилган бўлса-да, нима учун собиқ мудир Т.Эримматова юқорида кўрсатилган қарорга зид равишда 1 ёшга тўлмаган ва энди бир ёшдан ошган болаларни боғчага қабул қилди? Қайси асосга кўра қабул қилган? Уларнинг орасида қўшни Иштихон туманидан болалар ҳам бор. Боғча тўлақонли издан чиқиб кетган ва ташландиқ ҳолатга келиб қолган бўлса, бундай раҳбарнинг бугунги кунда раҳбар бўлиб ишлашга ҳаққи борми?

Шулардан келиб чиқиб, Каттақўрғон туман мактабгача таълим бўлими маъмурияти мавжуд қонунларимизга асосан ушбу раддияни тез кунлар ичида чоп этишингизни сўрайди.

Фарида Ҳамдамова,
Каттақўрғон туман мактабгача таълим бўлими мудири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг