Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда ҳоким ўринбосари пора билан қўлга олинди

Андижонда ҳоким ўринбосари пора билан қўлга олинди

Видеодан кадр.

Ҳоким ўринбосари, статистика ва пенсия жамғармаси бўлимлари раҳбарларининг қилмишлари фош этилди. 

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳар ҳокими ўринбосари ва спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖнинг муқаддам судланган раҳбари ўзаро тил бириктириб, маҳаллий тадбиркорга матрас, профнастил ва болалар тагликлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиши учун ҳокимлик захирасида бўлган 4 гектар ер майдонини алоҳида лот сифатида аукцион савдога қўйдириб, 2 млрд сўмга ютиб, унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Андижон тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари, Андижон шаҳар статистика бўлими бошлиғи ва 2 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, келгусида болалар маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун завод қурмоқчи бўлган тадбиркорга “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан 6 гектар ер майдонини аукцион савдо орқали олиб бериш эвазига 600 минг АҚШ доллари талаб қилишиб, олдиндан 150 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Шунингдек, мазкур ноқонуний ишга Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари, ҳозирда хусусий бандлик агентлиги бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган фуқаронинг ҳам алоқадорлиги аниқланиб, у ушбу масалада тадбиркорга ёрдам бериш эвазига муқаддам 11 минг АҚШ доллари олганлиги маълум бўлди. 

Тошкент вилоятида қайд этилган ҳолатда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Оҳангарон туман бўлими бошлиғи маҳаллий фуқаронинг йўқолган меҳнат дафтарчасини тиклаб, уни ёшга доир пенсияга чиқариб бериш эвазига 1500 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. 

Таъкидлаш лозимки, ушбу мансабдор шахс муқаддам Жиноят Кодексининг 167-моддаси билан судланган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Хозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. 

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг