Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижоннинг митти одамлари: «Бўйимиз кичик бўлсаям, юрагимиз улкан!» (видео)

Бозорни кўпинча ўзим қиламан. Хўжайиним қилиб бермагани учун эмас, шунчаки, рўзғоримга нима ва қанча кераклигини ўзим билганим учун. Кейин, инжиқ одамнинг иши қийин. Рўйхат қилиб берсам ҳам барибир нимадир қолиб кетади. Деҳқон бозори бизга яқин. Кенжатойимни оламан-да, астойдил бозор айланаман. Юкларимиз оғир бўлиб кетса арава ёллаймиз...

Бу аравакаш йигитни биринчи марта кўрганимда ёш бола деб ўйлаганман. Кейин билсам, унинг ёши 32 да экан. Фақат, бўйи менинг 12 ёш ўғлим билан тенг.

Яқиндан танишдим, суҳбатлашдим. У менга ҳаёти, иши, оиласи, муаммоларини гапириб берди.

— Болалигимданоқ тирикчиликка чиқиб кетганман. Нима иш бўлса қилиб кетаверардим. Сувоқ қилардим, ғишт таширдим, девор урардим,бетон қуярдим. Онам бозорда кўкат, карам, турли сабзавотлар сотарди. Нафаси қисадиган бўпқолганидан кейин, «бўлди, она, энди сиз ишламай уйда ўтиринг, ўзим боқаман» дедим. Қурилишда ишлаб юриб, бозорда савдо-сотиқ қиладиган бир киши билан танишиб қолгандим. Ўша инсон менга бозорда аравакашлик қилишни маслаҳат берган. Шу-шу бозордан нон топаман. 15-16 йил бўпқолди, мана, — дейди Ғайратбек Асипов.

Ғайратбек — абжир, меҳнаткаш ва қувноқ. Шу боис, бозордаги ҳамма сотувчию ходимлар уни яхши кўришади, эркалатиб, ҳазил-ҳузул қилиб туришади.

— Битта аравакаш меҳнати... ҳар-хил. Агар харидор бозор қилгунича арава билан ёнида юриб, бозорликни таксигача олиб чиқиб берсак, 15 минг сўм оламиз. Шунчаки олиб чиқиб бериш — 5 минг сўм. Етказиб бериш хизматимиз ҳам бор. Бозор қилгани эринган одамлар буюртма қилади. Майда-чуйда рўйхатини СМС қилиб ташлайди, бозорлик қилиб таксидан берворамиз, кейин у ўша такси ҳайдовчисидан пулини берворади.

— Фирибгарларга учраб қолишингиз ҳам мумкин-ку, унда.

— Йўқ, фақат таниш, ўзимизнинг бозор таксичилари билан иш қиламиз-да!

Ғайратбек — оиласининг ёлғиз боқувчиси экан. Ота-онаси, турмуш ўртоғи ва 2 нафар фарзандининг таъминоти унинг гарданида. Иш вақти тугагач, топган даромадини ҳисоб-китоб қилиб, тийин-тийинигача онасига тутқазаркан.

— Бир кунда қанча топасиз, рўзғорга етадими? – сўрайман Ғайратбекдан.

— Рўзғорга майда-чуйда қилганимдан ташқари 80 минг-100 минг сўм атрофида пул қолади менга. Гоҳида ундоқ – гоҳида бундой. Бозорга шаҳарнинг катта жоме масжиди яқин. Жума намозидан кейин эҳсон қиладиган одамлар келиб 300-400 минг сўм, баъзан унданам кўпроқ пул бериб кетишади. Уни алоҳида тўплайман.

Ғайратбекнинг оиласи Андижон шаҳри Найзақайрағоч маҳалласидаги умумий ҳовлилардан бирида яшайди. Умумий ҳовлида шароит қандайлигини ўзингиз яхши биласиз. Ичимлик суви, ҳожатхона, ҳаммом, кириш дарвозаси барча хонадонлар учун битта. Асиповлар уйи бор-йўғи икки хона ва бир даҳлиздан иборат. Хонадон шифтига қалдирғочлар ин қурган. Бир жуфт қалдирғоч тинимсиз вижир-вижир қилиб болаларига емиш ташияпти.

Хонадон соҳибаси Умида опа содда, хушчақчақ «бир қоп ёнғоқ» экан. Худди қадрдони меҳмонга келгандек, пилдираб юриб бизга шароитларини кўрсатди:

— Манави уй келинимники, манави хонада биз – чол-кампир яшаймиз, неваралар гоҳида биз билан, гоҳида ота-онаси билан ётишади. Манави янги холодильник, яқинда маҳалла идорасидан обкириб ўрнатиб беришди. Энди яқинда пилесосми-ей, духовками-ей берамиз, дейишяпти. Маҳаллам ҳам, қўни-қўшниларим ҳам жуда яхши. Ўтган йили шаҳар ҳокимлиги томонидан бузоқча берилган, ана, бостирмада, кўрсангиз. Иссиққа қолиб кетибсизлар, компот очайми? Вентиляторимиз бор, худога шукр. Ўғлим бизни қийналмасин деб, ҳамма шароитни бадастир қилишга ҳаракат қилади. Келинг, ўтиринг, ўрик қоқиб келайми? (Келинига қараб) Дилфуза, чой қўй!

Ғайратбекнинг онаси ва хотини ҳам камёб наслий касаллик – ахондроплазиядан азият чекаркан.

Маълумот учун: Ахондроплазия — узун, найсимон суяклар ўсишининг сусайиши билан характeрланадиган аутосома — доминант касаллик. Касалликда бош ва гавда ўлчамлари мeъёрида бўлса ҳам қўл, оёқлар жуда калта бўлади. Уларда насл қолдириш хусусияти анча сустлашади.

— Юриб-юриб 7 йилда шу фарзандимни туққанман. Афсуски, ёлғиз ўғлим ҳам ўзимга ўхшади, дадасининг бўйи узун, ўғил онага тортаркан-да, — дейди у.

Маълумотларга қараганда, дунё бўйича бу касаллик билан туғилган беморлар ҳар 10 минг кишига биттадан тўғри келаркан. Мамлакатимизда бу кўрсаткич қанчани ташкил этади, билмайман, бу борада аниқ статистика йўқ. ТМЭК (Тиббий меҳнат эксперт комиссияси) бундай касаллик билан оғриган кишиларга (ишга яроқсиз, ўзгалар парваришига муҳтож бўлмаса) ногиронлик белгиламайди. Ғайратбек ҳам, онаси ва хотини ҳам ҳозирда ногиронлик рўйхатида эмас. Бўй билан боғлиқ айрим ноқулайликларни ҳисобга олмаганда, Асиповлар ўзларини соғлом ҳисоблайдилар.

— Ғайратжоним оёғидан операция бўлганида вақтинчалик ногиронлик белгилашган, кейин чиқариб юборишди,  — дейди Умида опа. – Мен кексалик нафақасидаман, дадаси 2-гуруҳ ногирони. Ўғлимнинг арава ҳайдаб топган пули ва нафақаларимиз билан тирикчилик ўтказяпмиз. Фақат, қориндан ошинолмаяпмиз-да. Майли, уям бўпқолар! Бўйимиз паст бўлсаям нима энди... оёқ-қўлимиз соғ, шунгаям шукр!

Умида опанинг айтишича, Ғайратбек ўзи ўқиёлмаганига ўксинади. Икки фарзандини ўқимишли, катта одам бўлишларини истайди. Қизини намунали МТМ га жойлаштирган, 3-синфдаги ўғлининг ўқишини тинимсиз назорат қилиб туради. Келини оёқ-қўли чаққонгина, эпли жувон. Ҳадемай яна кўпайишар экан.

— Янги меҳмон келгунича, уйимизга яна биронта хона қўшиб олганимизда эди, — орзулайди Умида опа.

— Ота-онам учун битта ҳужра бўлсаям солиб берсам, деб ният қиляпман. Аммо, асосийси бу эмас, опа. Мени «эртага уй масаласида муаммо келиб чиқса-чи?!», деган ўй қийнаяпти. Чунки, уйимизга ҳалигача кадастр ҳужжати қилинмаган, дадамнинг номига ўтказилмаган. Югур-югурлардан чарчадим. Уйни қонуний ҳужжатлаштириб олсак, бу ишлар кейин бўлаверарди. Номимизга ўтказиш учун катта пул кетаркан. Ҳозирча мен бу пулни тўплай олганимча йўқ, — дейди Ғайратбек.

Мамлакатимизда ногиронлиги бор инсонларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоялаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Асиповлар оиласига ҳам Андижон шаҳар ҳокимлиги, Найзақайрағоч маҳалла фуқаролар йиғини, шунингдек Марказий деҳқон бозори маъмурияти томонидан ёрдам кўрсатиляпти, албатта. Зора, шу муаммога ҳам мутасаддилар эътиборни қаратишса.

Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в) айтганларидек: кичикларга раҳм этсанг, катталар сенга раҳм қилади.

Муаззам СОБИРЖОН қизи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг