Августдан чиқиндидан қарзи борларнинг электрга тўлов қилиши чекланади

Август ойидан бошлаб чиқинди хизматларидан қарздор абонентларнинг электр энергияси тўловига чеклов ўрнатилади.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги 2025 йил 7 мартдаги 1044-сонли Қонунига асосан чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича тўлов интизомини кучайтириш мақсадида янги тартиб жорий этилмоқда.
Унга кўра, ҳар ойнинг 3-санасига қадар республика бўйича қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг “Тоза макон” биллинг электрон тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади.
Сўнгра чиқинди хизматларидан қарздор абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “2100” қисқа рақами орқали “СМС” хабарнома юборилади. Абонентларга ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 (беш) кун қарздорликни бартараф этиш учун қўшимча муддат берилади. Мавжуд қарздорлик ушбу муддат ичида тўланиши лозим!
Акс ҳолда, абонентлар томонидан белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмаса: уларда электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинчалик чекланади. Мазкур чеклов қарздорлик бартараф этилиши билан автоматик тарзда ечилади.
Маълумот ўрнида, ушбу тартиб 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга татбиқ этилмайди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тартиб 2025 йилнинг 1 июлидан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун жорий йилнинг 1 августидан бошлаб қўлланилади.
Шу ўринда, санитар тозалаш корхоналари чиқинди тўловларини ҳисоблашда аниқлик ва ҳаққонийлик учун жавобгар ҳисобланади! Агар абонентларга санитар тозалаш хизмати ўз вақтида ва сифатли кўрсатилмаса кўрсатилмаган кунлардаги хизматлар учун тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Ҳурматли абонентлар, сизда чиқиндиларни бошқариш соҳаси ва хизмат сифатига доир таклиф ва шикоятлар юзага келганда: Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг “1205” қисқа рақамига 24/7 режимда мурожаат қилишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter