Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ахборот уруши даврида ғалаба хотирасини асраш: экспертлар нима дейди?

Ахборот уруши даврида ғалаба хотирасини асраш: экспертлар нима дейди?

foto: Xabar.uz

Эртага 9 май, Хотира ва қадрлаш куни.  Шу муносабат билан Тошкентда “Умумий ғалаба — келажакка назар” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. “Маъно” тадқиқот ташаббуслари маркази ҳамда Марказий Осиё Ёш сиёсатшунослар мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда Марказий осиё мамлакатлари ва россиялик тарихчилар, зиёлилар, таниқли сиёсатшунослар бир нуқтага эътибор қаратдилар: бугун ғалаба билан шунчаки фахрланиш кифоя эмас, уни ахборот хуружларидан ва тарихни сохталаштириш уринишларидан ҳимоя қилиш давр талабига айланди.

Иштирок этган маърузачилар тақдим этган уруш йилларининг суронли хотиралари, архив ҳужжатлари ва рақамлардан билиш мумкинки, Ўзбекистон учун бу уруш ҳеч қачон бегона бўлмаган. Бу қарийб жанг майдонига отланган икки миллионга яқин ватандошимизнинг, эвакуация қилинганларга бағрини очган Ўзбекистоннинг фронт ортидаги мислсиз матонат ҳикоясидир.

Тарих фанлари доктори, профессор Замира Эшонхўжаева келтирган маълумотлар ўзбек халқининг нақадар саховатли ва фидойи эканини яна бир бор исботлади: “Эътибор беринг, биргина 1941-1943 йиллар давомида республика аҳолиси мудофаа фондига 475 миллион рублдан ортиқ маблағ тўплаб бергани, 22 миллион рубллик қимматбаҳо шахсий буюмларини ихтиёрий равишда топширгани ғалабани яқинлаштиришга яна бир муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан кўчириб келинган 170 тадан ортиқ завод ва фабрикалар Ўзбекистон тупроғида қисқа муддатда қайта оёққа турғизилиб, ҳарбий техника ва қурол-яроғ ишлаб чиқарадиган қудратли базага айланди, эвакуация қилинган болалар учун 98 та болалар уйи ташкил қилинган, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болаларга меҳр-оқибат кўрсатилган, уруш ҳудудларидан жўнатилган 1 миллион 500 мингга яқин инсонга бошпана берилган.”

Ўзбек халқининг ғалабага қўшган ҳиссаси беқиёс экан, табиий бир савол туғилади: биз бугун ушбу тарихий воқеанинг асл моҳиятини ёш авлодга ҳаққоний етказа олаяпмизми?

“Maънo” тадқиқот ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашевнинг таъкидлашича, бугунги кунда шунчаки ғалаба билан фахрланиш даври ўтди, энди уни ҳимоя қилиш даври келди. Чунки ҳозирги дунёда тарих шунчаки ўтмиш эмас, балки катта ахборот урушининг бош полигонига айланган.

Экспертнинг фикрича, ҳозирда Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги ҳақиқатни бузиб кўрсатишга қаратилган ҳаракатларга қарши фақат ва фақат холис тарих ва жонли фактлар билан жавоб бериш мумкин.

“Агар биз бугун ёшларимизга боболаримизнинг нега жанг қилганини тушунтириб бермасак, эртага бошқалар уларга бутунлай ўзгача, сохта тарихни сингдиради, — дейди Бахтиёр Эргашев. — Бизнинг боболаримиз нима учун жанг қилаётганини жуда яхши билишган. Улар фарзандларининг келажаги, ижтимоий адолатли юрти ва тинчлик  учун курашганлар. Шу боис, Берлин остонасигача мардонавор борган аждодларимизни хоинлар билан бир қаторга қўйиш нафақат адолатсизлик, балки тарихий хиёнатдир.

Ғалаба бизнинг умумий ва буюк меросимиз. Уни асраб-авайлаш эса шунчаки вазифа эмас, балки жанг майдонида жон фидо қилган миллионлаб аждодларимиз олдидаги маънавий бурчимиз”.

Тарихчи Светлана Асанова ўз нутқида тарихга фақат жангнома сифатида эмас, балки инсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат кўзгуси сифатида қараш зарурлигига ҳам алоҳида тўхталаркан, бугунги кунда юртимизда Хотира ва қадрлаш кунига бўлган ёндашув қандай эволюцияни бошдан кечирганига эътибор қаратди.

Унинг фикрича, байрамнинг номланиши тарихдан воз кечиш эмас, балки хотирани янада инсонийроқ ва теранроқ мазмун билан бойитишга хизмат қилмоқда. Асанова 2020 йилда Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган “Ғалаба боғи” мажмуасини мисол келтирди: “Бу маскан шунчаки ҳарбий ёдгорлик эмас, балки халқимизнинг уруш йилларидаги улкан гуманизми, бағрикенглиги ва жасоратига қўйилган ҳайкалдир. Бугунги кунда  гуманизм руҳидаги тарихий хотира, яъни ҳалок бўлганларнинг номини авайлаш ва ҳаёт бўлган фахрийларга юксак эҳтиром кўрсатиш байрамнинг бош ғоясига айланди”.

Урушнинг шиддатли лаҳзалари ва жанговар маҳорати ҳақида гап кетганда, фалсафа фанлари номзоди Равшан Назаровнинг ўзбек генераллари ҳақидаги маълумотлари иккинчи жаҳон уруши ғалабасига ҳарбийларимизнинг ҳиссаси беқиёс бўлганини кўрсатиб берди.

Равшан Назаров ўз чиқишида нафақат афсонавий генерал Собир Раҳимов, балки исмлари тарих саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан муҳрланган бошқа саркардаларимизни ҳам хотирлади, масалан Берлин остоналаригача борган, мардлик ва стратегик ақл-заковати билан танилган Файзулла Нархўжаев, ўз ҳаётини ватан озодлигига бағишлаган забардаст ҳарбий раҳбар Собир Охунжоновлар ўзбек халқининг нафақат аскар, балки катта қўшинларни бошқаришга қодир бўлган стратегик салоҳиятини ҳам ифодалайди. Уларнинг жасорати ёш авлод учун ҳақиқий ибрат мактаби бўла олади.

Дарҳақиқат, уруш майдонида қон кечган генераллар, аскарлар, фронт ортида заҳмат чеккан оналар, ёшлар ва Тошкентнинг бағридан паноҳ топган ярадорлар, етим болалар тақдири бизнинг умумий тарихимиздир.

Мудофаа вазирлигининг сўнгги маълумотлари қалбимизда ҳам маҳзунлик, ҳам чексиз эҳтиром уйғотади: айни пайтда Ўзбекистонда ўша суронли йилларнинг жонли гувоҳи бўлган атиги 60 нафар уруш фахрийси ва уларга тенглаштирилган шахслар қолган. Уларнинг 28 нафари пойтахтимиз Тошкентда, қолганлари эса вилоятларда истиқомат қилмоқда. Мамлакатимизда, шунингдек, 19 нафар собиқ конслагерь маҳбуси ва Ленинград қамалидан омон қолган 13 нафар фахрий ҳам ғалабанинг 81 йиллигини муносиб кутиб олиш тараддудида. Ҳар бир фахрий биз учун тирик тарих, жасорат тимсолидир. Уларнинг сафи йилдан-йилга сийраклашиб бораётгани бизга бир муҳим ҳақиқатни эслатади: вақт ғанимат, улардан борини ўрганиш, хотирасини эъзозлаш ва энг муҳими — улар ҳимоя қилган тинчликни кўз қорачиғидек асраш бизнинг олий бурчимиздир.

 

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг