Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эркинжон Турдимов марҳум Аъзамхон Баҳромовни хотирлади

Эркинжон Турдимов марҳум Аъзамхон Баҳромовни хотирлади

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов 60 ёшида вафот этгани хабар қилинган эди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов марҳумни чинакам фидойи инсон эди, дея хотирлади.

«Таниқли раҳбар, фидойи зиёли, садоқатли дўст Аъзамхон Усмонович Баҳромовнинг бевақт вафоти Самарқанд вилояти жамоатчилиги учун оғир йўқотиш бўлди. Чунки бу инсон вилоятда ишлаш чоғида эзгу фазилатлари билан одамлар кўнглидан жой олган эди. Ғаллаоролда зиёли оилада туғилиб ўсган, яхши тарбия олган А.Баҳромов Тошкентда ўқиб, илм йўлидан бориб олимлик салоҳиятига эришди. Сўнг Вазирлар Маҳкамасида оддий ходимликдан бўлим ва котибият мудири, вазир ўринбосари даражасига эришди.

Давлат мулк қўмитаси ва «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компаниясини бошқарди. Иқтисодий соҳадаги билимдонлиги, тажрибаси ва ташаббускорлиги билан танилди.

Аъзамхон Усмонович Самарқандни севар эди. Шу боис Самарқанд вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаш чоғида кўплаб эзгу ишларга бош бўлди. Қўшработ туманида қисқа муддат раҳбарлик қилган бўлса-да, халқнинг қалбига йўл топа олди. 2017 йилдан буён Каттақўрғон тумани ҳокими сифатида шу замин аҳлининг ҳақиқий фарзанди ва етакчисига айланди. Туман қисқа муддатда иқтисодий-ижтимоий ривожланишда республикада етакчи ўринларга чиқди. Камбағалликни тугатиш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда ибратли тажриба яратилди. Бу меҳнат давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилиб, Аъзамхон Баҳромов Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.

Мен Аъзамхон ака билан бирга ишлаш жараёнида раҳбарлик ва амалий иқтисодиётнинг жуда кўп сирларини ўрганганман. У киши билан дўстона ва яқин муносабатда бўлиб ишладик. Вилоятдаги раҳбар ходимлар ва ҳокимлар ўртасида ҳам катта ҳурматга сазовор эди.

А.Баҳромов Янги Ўзбекистон қурилиши фидойиларидан бири эди. Шу сабабли у кишининг халқ фаровонлиги, Ватан қудратини ошириш йўлидаги фидокорона меҳнатлари ва яхши номи элимиз қалбида узоқ яшайди.

Баҳромов Аъзамхон Усмоновичнинг вафоти муносабати билан юртимиз ва вилоят жамоатчилигига, марҳумнинг оила аъзолари ва қариндошларига чуқур таъзия изҳор этаман», деб ёзади Эркинжон Турдимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг