Биржада нархни ошириб, асоссиз даромад олган компанияга чора кўрилди
Рақобат қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси биржа савдоларида рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан ўтказган ўрганишда «T.O-MOXIDIL» хусусий корхонаси томонидан қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Маълум қилинишича, корхона пахта шроти ва шелуха маҳсулотларини беш ҳолатда биржа савдоларида шаклланган ўртача котировка нархларидан юқори баҳода сотган.
Бунинг натижасида корхона қарийб 100 миллион сўм миқдорида асоссиз даромад олгани қайд этилди.
Ўрганишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган, юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотиш тартиби талаблари асосида амалга оширилди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси ҳамда мазкур Низом талаблари бузилгани аломатлари билан «T.O-MOXIDIL» хусусий корхонасига нисбатан иш қўзғатди.
Иш натижаларига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда корхонага нисбатан тегишли таъсир чораси қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида корхонага бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ҳам берилди.
Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг 170-сон қарорига мувофиқ, Монополияга қарши курашиш органлари юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар бўйича биржа нархлари мониторингини доимий равишда амалга оширади ҳамда рақобатни чекловчи ҳолатлар аниқланган тақдирда қонунчиликда белгиланган чораларни қўллайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter