Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Битта сумкани икки бола алмаштириб тақадиган оилалар бор экан» — Зойир Мирзаев

«Битта сумкани икки бола алмаштириб тақадиган оилалар бор экан» — Зойир Мирзаев

21 апрель куни Тошкент вилояти ҳокимлиги мажлислар залида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган.

Йиғилишда хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш, намунали хонадонларнинг тадбиркорлик ишларини кенг тарғиб қилиш, оилавий шароитлари сабаб илмий ишларини якунига етказолмаган аёлларга амалий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, вилоятда хотин-қизларга яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар, аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилган.

— Яқинда халқ таълими билан мактабга таълим бўйича масъулларга оилавий шароитлари сабаб мактаб ёки боғчага боролмаётган оила фарзандларини аниқланглар, деган эдим. Бошида 60 тача рўйхат шакллантирилди. Кейинчалик маълум бўлишича, 400 дан ортиқ оила фарзандлари ана шундай сабабларга кўра таълимдан узилиб қолаётган экан. Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқат шуки, битта сумкани иккита фарзанди алмаштириб тақадиган, битта кофтани опа-сингил алишиб киядиган оилалар ҳам бор экан, — деган Зойир Мирзаев.

Ҳокимнинг айтишича, уларнинг ҳар бири савобталаб ҳомийларга бириктирилиб, кийим-бош олиб берилган.

— Мана шундай оилаларда, айниқса, аёлларга, оналарга оғир. Улар алоҳида кўмакка, эътиборга муҳтож. Маҳаллаларда аёллар муаммоларини ҳал қилишда энг биринчи галда мана шундай аёллар билан алоҳида шуғулланиш керак, — деган ҳоким.

Хусусан, ижтимоий кўмакка муҳтож аёлларни аниқлаш, уларни касбга, тадбиркорликка йўналтириш, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни ва фаоллигини ошириш, кайвони аёллар тажрибасидан фойдаланиш яхши самара бериши айтилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг