Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Болалар тинч ва бахтли ҳаёт кечиришлари шарт

Болалар тинч ва бахтли ҳаёт кечиришлари шарт

Фото: «Newsweek.com»

«Афсуски, ҳозир ҳам қуролли тўқнашувлар ва жанговар ҳаракатлар ҳудудлари мавжуд. Натижада, болалар ўлмоқда, кўплаб болалар ота-она қарамоғисиз қолмоқда. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги декларацияга асосан ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ҳимоя, ғамхўрлик кўрсатиш энг олий мақсадимиз ҳисобланади. Ҳуқуқлар барча болалар учун истисноларсиз, яъни боланинг ўзига ёки унинг оиласига тегишли ҳар қандай асос ёки бошқа ҳолатлар бўйича фарқланиш ва камситишларсиз тан олинади. Бола ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳимоя ва ёрдамни биринчи бўлиб олиши керак», — деди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова «Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия Федерацияси ўртасида қуролли можаро ҳудудларидаги болалар ва аёлларни ўз ватанига қайтариш ва уларни жамиятга самарали реинтеграцияси бўйича халқаро ҳамкорлик», мавзусида ўтказилган онлайн конференцияда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳамда ЮНИСEФ ҳамкорлигида «Тараққиёт стратегияси» мажлислар залида ўтказилган ушбу тадбирда марказий Осиё инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллар, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Россия Федерацияси ва АҚШ элчихоналари, давлат органлари вазирлик, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг институтлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Конференциянинг мақсади яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлардан жабр кўрган болалар ва аёлларни ватанига қайтариш ва қайта тиклаш бўйича тажриба алмашишдир.

«ЮНИСEФ ушбу илғор тажриба алмашинувига кўмак беришдан мамнун бўлиб, бугун ушбу анжуманда иштирок этаётган барча мамлакатлар билан ҳамкорликни давом эттиришга умид қилади, чунки биз қуролли тўқнашувлардан жабр кўрган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун биргаликда иш олиб борамиз. Болалар тинч ҳаётда бахтли яшашлари шарт», — деди Афшан Хан, ЮНИСEФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори.

Конференция иштирокчилари барчани ташвишга солаётган масалаларни белгилаб, самарали ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар. Халқаро экспертлар Ўзбекистон тажрибасини етарли даражада самарали деб баҳолаб, уни минтақадаги ва бутун дунёдаги мамлакатлар билан ўртоқлашишга лойиқ деб топдилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг