Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош прокурор аҳолига мурожаат қилди

Бош прокурор аҳолига мурожаат қилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев мамлакатимиз аҳолисига мурожаат билан чиқди.

Мурожаатда прокуратура тизими ўз ишини янгича асосда ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирларни аниқ белгилаб олгани қайд этилади.

«Аввало, халқимизга янада яқин бўлиб, мамлакатимизда қонун ва адолат устуворлигини, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш фаолиятимизнинг асосий мезони бўлади.

Айниқса, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни тезкорлик билан бартараф этиш, муҳтож оилаларни қўллаб - қувватлаш, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича белгиланган вазифалар ижроси прокуратура органларининг доимий эътиборида бўлиб қолади.

Маҳаллалар даражасига тушиб, юзага келаётган муаммоларни маҳалла аҳли билан бамаслаҳат ва биргаликда ҳал қиламиз.

Айниқса, барчамизнинг кундалик ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган таълим, тиббиёт ва коммунал хизмат соҳаларидаги ўз ечимини топмаган масалаларнинг сабабларини аниқлаб, уларни алоҳида ёндашув асосида ҳал этиш бўйича қатъий назорат ўрнатилади.

Аҳоли бандлиги, янги иш ўринларини яратишга қаратилган дастурлар ижросини таъминлаш, экологик муҳитни, табиий бойликлар ва маданий меросимизни асраб - авайлаш борасидаги ишларимиз жадал давом эттирилади.

Ёшлар ва бизнесни қўллаб - қувватлаш йилида жисмоний ва маънавий етук ёш авлодни тарбиялаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, навқирон ўғил - қизларимиз илгари сураётган ташаббусларни рўёбга чиқаришга   алоҳида эътибор қаратамиз.

Аҳоли, айниқса, ёшларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, янгиланган Конституциямиз ва қонунларимизга ҳурмат ва эътибор туйғусини янада кучайтириш, ҳар бир юртдошимизнинг уларга қатъий амал қилиб яшашини таъминлаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини сифат жиҳатидан янги босқичига олиб чиқамиз.

Мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини яратиш, тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувлар ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ишларни янада кучайтирамиз.

Ҳудудларни ижтимоий - иқтисодий ривожлантиришга доир дастурлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш, талон - торож қилинишининг олдини олиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.

Тегишли вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашишга янада катта аҳамият берамиз.

Бунда асосий эътиборни жиноятнинг оқибатига қарши курашишга эмас, аввало, уни келтириб чиқараётган омиллар ва сабабларга барҳам беришга қаратамиз.

Албатта, ҳаётимизда коррупция ҳолатлари борлиги барчамизни қаттиқ ташвишга солади. Жамиятимизда бу иллатга қарши муросасизлик муҳитини шакллантириш ва қатъий кураш олиб бориш келгусида ҳам прокуратура органларининг биринчи навбатдаги иши бўлиб қолади.

Бу борада давлат идораларида коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун вазирлик ва идораларнинг ички назорат тузилмалари иши янада кучайтирилади, соҳа ва тармоқлар фаолиятини рақамлаштиришга доир вазифалар ижроси қатъий назоратга олинади.

Энг муҳими, бу йўналишдаги ҳар бир хабар ва маълумотлар тезкорлик билан ўрганилиб, кескин чоралар кўриб борилади.

Коррупция билан боғлиқ ҳар бир жиноятни ўз вақтида аниқлашда биз маҳалла, ёшлар, хотин – қизлар ва нуроний ташкилотлари фаолларига, турли меҳнат жамоаларидаги жонкуяр ва ватанпарвар инсонларга, уларнинг амалий ёрдами ва ҳамкорлигига таянамиз.

Биз ҳаётимизни жиноятчилик ва коррупциядан холи қилишда катта билим ва тажрибага эга бўлган прокуратура фахрийларининг салоҳиятидан ҳам кенг фойдаланамиз.

Бу борада нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан яқин ҳамкорликни кучайтирамиз.

Биз мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар талабидан келиб чиққан ҳолда, барча даражадаги прокуратура органлари фаолиятини танқидий - таҳлилий баҳолаб, аниқланган муаммоларни тезкор ҳал этиб боришни тизимли асосда йўлга қўямиз.

Бу жараёнда сафларимизда фақат ва фақат ҳалол ва пок, жонажон Ўзбекистонимизга садоқатли ва фидойи ходимлар ишлашига биринчи даражали эътибор қаратамиз.

«Янги Ўзбекистон прокуратураси ходими» деган юксак мақомга доғ туширадиган, нопок, зиммасидаги вазифа ва ваколатларни суиистеъмол қиладиган, фуқаролар билан беписанд ва қўпол муомалада бўладиган, бефарқ ва лоқайд кимсалар орамизда бўлмаслиги учун энг кескин чораларни кўрамиз.

Прокуратура органларига мамлакатимиздаги тарихий ўзгаришларни чуқур англайдиган, замонавий фикрлайдиган, билимли, ватанпарвар ва изланувчан ёш кадрларни хизматга олиш, барча мутахассис ва ходимларимизни чинакам қонун ва Ватан ҳимоячиси этиб тарбиялашга устувор аҳамият берамиз.

Олдимизда турган вазифалар ижроси прокуратура органлари фаолиятини рақамлаштириш, ушбу тизимга замонавий илм - фан ва амалиёт ютуқларини кенг жорий этиш, ходимларнинг билим даражасини ошириш билан боғлиқ. Шу боис, бу борада ҳам катта ишларни амалга оширамиз.

Ана шу ғоят муҳим ва долзарб вазифаларни самарали амалга ошириш ва соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда Бош прокурор сифатида мен бутун масъулият ва жавобгарликни ўз зиммамга оламан.

Ишончим комил, ўз ҳаётини қонун ва адолатни таъминлашдек ғоят олижаноб ишга бағишлаган ҳар бир прокуратура ходими бугунги кунда зиммасидаги вазифани юксак масъулият ва ватанпарварлик туйғуси билан адо этишни ўзи учун улкан шараф деб билади.

Биз ана шундай фидокорона меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонни - ҳар бир юртдошимиз эркин ва фаровон яшайдиган давлатни барпо этишга муносиб ҳисса қўшамиз», дейилади мурожааатда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг