Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ботмон-ботмон ваъдалар. Халқ эса азобда, ҳар ёмғирда юрак ҳовучлайди

Ботмон-ботмон ваъдалар. Халқ эса азобда, ҳар ёмғирда юрак ҳовучлайди

Фото: Нуриддин Зайниддиновнинг телеграм канали.

Учтепа тумани «Ўткир» маҳалласининг Нашриёт, Тақачи, Ибрат кўчалари, «Шарқ гули», «Истроҳат», «Жарбулоқ», «Зулфизар» маҳаллаларида коллектор дренаж ишлари сифатли амалга оширилмагани, айрим фуқаролар томонидан табиий ариқлар ва сув йўлларни кўмиб юборилгани оқибатида сув тошқинлари юзага келмоқда.

Халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати Нуриддин Зайниддиновнинг ёзишича, бу масала барча даражадаги мутасаддиларга етказилган. Тегишли карорлар ва режалар қабул қилиб, дастурларга киритилган. Бироқ амалда бирор иш қилинмаган.

Фото: Нуриддин Зайниддиновнинг телеграм канали.

«Бу мутасаддиларнинг шаблон гаплари. Ҳа, албатта, ҳаммаси қоғозда ва чиройли. Казо-казолар келиб, ботмон-ботмон ваъдалар бериб кетган. Натижа йўқ. Халқ азобда, ҳар ёмғир ёғса, юрагини ҳовучлаб ўтиради. Уй пойдевори нураб кетмайдими, ертўлани сув босмайдими деб... Одамларнинг ёстиғигача сувга бўкмоқда», деб ёзади депутат.

Зайниддиновнинг эслатишича, Ободонлаштириш деган ташкилотнинг дренаж-коллектор бошқармаси халқни қийнаётган бу муаммога пинагини ҳам бузмаётган экан.

Фото: Нуриддин Зайниддиновнинг телеграм канали.

«Бу бошқарма ходимлари шаҳарни сув босса ҳам, тўпиғига чиқмайдиганлардан. Олиб қочиш, сафсата сотиш бўлса бас! Қолганлар билан тилини бир қилиб, одамлар қулоғига лағмон осиш билан шуғулланишади. Муаммони ечиб, ўз вазифасини бажаришдан шу лағмон осиб, аравани қуруқ олиб қочиш осон бўлса керак.

Масъуллар, қачон инсофга келиб, ўз вазифангизни бажарасизлар? Халқни алдашни бас қилиб, муаммони ечинглар!

Кўзбўямачилик, «отписка» хатлар билан ҳеч нарсага эришмайсизлар! Виждонан иш қилиш керак!», дейди депутат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг