Бухорода «Чор Бакр туризм қишлоғи» барпо этилади

Бухорода кечаётган бунёдкорлик ишлари, жумладан, тарихий-этнографик парк ҳамда «яшил ҳудудлар» қатори туризм қишлоқларининг босқичма-босқич ошаётгани ўлка инфратузилмасини янада бойитишга хизмат қилмоқда. Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот химати раҳбари Олим Жўраевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, тез кунларда Бухоро туманининг Шергирон маҳалласида ҳам яна бир тарихий бой маскан – «Чор Бакр туризм қишлоғи»ни барпо этилади.
– 2024 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланган эди. Унга кўра «Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси» томонидан республика Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Бухоро вилоятидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 5 йил муддатга, жумладан, икки йиллик имтиёзли давр билан 100 миллион АҚШ доллари миқдорида фоизсиз кредит маблағи ажратилган. Бу сармоянинг 60 миллион доллари давлат дастурлари асосида кичик ва ўрта бизнес, хизмат кўрсатиш ва туризм лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун фоизсиз маблағ, 40 миллион доллари эса инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун фоизсиз бюджет ссудаси ҳисобланади. Айни кунда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бош лойиҳалар асосида тарихий-меъморий қиёфани яхшилаш, аҳоли, тадбиркор ва сайёҳлар учун қулай шароит яратиш, туристик, кўнгилочар, гастрономик, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини ривожлантириш мақсад қилинган, – дейди Олим Жўраев.
Мазкур қарорга мувофиқ, Бухоро туманидаги Шергирон маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Чор Бакр қишлоғига «Туризм қишлоғи» мақомини бериш лойиҳаси устида иш бошланган. Режага кўра, қишлоқда 900 метр масофада ўндан ортиқ туристик кўнгилочар, гастрономик шахобча ва хизматлар фаолияти йўлга қўйилади.
Нега Чорбакр танланди?
Масъулларнинг қайд этишича, Бухоро шаҳрига ёндош ва яқин манзилда жойлашган «Чор бакр» мажмуаси тарихан қадимий ва улуғ қадамжо бўлиб, муборак зиёратгоҳ сифатида уни туризм қишлоғига айлантириш кўзда тутилган.
Тарихга кўра, ушбу манзилда Х асрда яшаб ўтган Бухоро хони Абдуллахон II (XVI аср) дафн қилинган. Мажмуа Абу Бакр Саъд Яманий ҳамда унинг ўғли Абу Бакр Аҳмад ибн Саъд томонидан қурилган. «Абу Бакр» аслида исм эмас, балки нисбат, яъни унвон, лақабдир.
Х асрда «Абу Бакр» унвони билан машҳур бўлган имомлар орасида Абу Бакр Саъд Яманийнинг номи кўпроқ тилга олинган. У Жўйи Мўлиён ва Сумитан қишлоғида қатор иншоотлар, хусусан, боғ-роғ яратиб сарҳовуз, сардоба, тегирмон, ҳаммом, бозорча қурдирган. Хожа Саъд вафот этгач, васиятига кўра, унинг жасади Сумитандаги қадимий қабристонга кўмилган. Кейинчалик бу жой, яъни Чор Бакр мажмуаси жўйборлик пайғамбар авлодларининг мангу оромгоҳига айланган.
Абу Бакр Аҳмад ибн Саъд эса кўплаб шайх ва авлиёларга устозлик қилган. Айрим тарихчи олимлар Хожа Саъд билан Абу Бакр Аҳмад ибн Саъдни битта одам, деб ёзишади. Аммо, имом Ҳусайн шажараномасида улар ота-ўғил бўлганликлари кўрсатилган.
Бошқа бир тарихий манбаларда эса яна бир Бакр сифатида Абу Бакр Тархон ҳам тилга олинади. У IX асрнинг иккинчи ярмида туғилган бўлиб, Бухоройи Шарифнинг йирик шайх ва имомларидан бири бўлиб етишган. Абу Бакр Тархон «Жомеъ вал муснад» китоби муаллифи, 945 йили Бухорода вафот этган ва шаҳар атрофидаги қабристонда дафн этилган.
Мажмуага ташқи томондан назар солганда, 3 қаватга ўхшаб кўринса-да, аслида, 5 қаватли бўлиб, 30 та ҳужрадан иборат. Хонақоҳда амри маъруф тингланган, ҳужраларда эса мажмуа хизматчилари истиқомат қилишган ва зиёратчилар дам олишган. Тўртта Бакрдан иккитаси — Абу Бакр Тархон ва Абу Бакр Ҳамид Бухоро шаҳри ичида жойлашган Даҳмаи Шаҳидонда дафн қилинган.
Бакрлар, яъни Чор Бакр мажмуаси асрлар давомида зиёратгоҳ сифатида эъзозланиб келинган. Бироқ, шўролар ҳокимияти йилларида унинг кўпгина обидалари емирила бошлаган. Минг йиллар давомида ушбу мажмуа таъминоти учун ажратилган вақф мулклари Шўро давлати ҳисобига ўтказилгач, уни таъмирлашга маблағ ажратилмаган. Билдирилишича, Бухоро вилоят давлат архиви фондларида сақланаётган «Бухкомстарис» ҳужжатларида Чор Бакр мажмуаси ўтган асрнинг 30-йиллари ўрталариёқ таъмирталаб бўлиб қолгани ҳақида ҳисоботлар мавжуд.
Табаррук зотларга эҳтиром
1999 йилда «Бухоройи Шариф» жамғармаси ҳузурида Чор Бакр меъморий мажмуини таъмирлаш дирекцияси ташкил этилган. Ушбу таъмирлаш ишларига 11 487 та корхона, ташкилот, жамоа хўжаликлари, ширкати, туман ҳокимликлари жалб қилинган. Таъмирлаш ишлари кўлами 6 гектар майдонни қамраб олган. 1930 йилдан бошлаб, Чор Бакр мажмуаси ҳудудида ноқонуний равишда қурилган 35 хонадон бузилиб, уларнинг ўрнига боғ-роғлар барпо этилган. Қадимий ҳовуз ва тошқудуқ қайта тикланган. XX асрда қаровсиз қолган бу жой 2000 йил августида тўлиқ таъмирдан чиқарилган.
– Бугун ана шундай обидаларга эътибор янада ортмоқда. Нафақат, юртдошларимиз, балки, хорижлик меҳмонлар ҳам тарихимиз, маданий ёдгорликларимизга катта қизиқиш билдираяпти. Ушбу масканларга сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам ҳар қачонгидан фаоллашган. Асосийси, тарихимизни борича асраб, уни янада гўзал ва замонавий тарзда намоён этиб, ушбу масканда Туризм қишлоғини барпо этиш табаррук зотларга ҳурмат бажо келтириш ҳамда уларниг эзгу ишларини эл-юртга ибрат қилиб кўрсатишдир, – дейди Олим Жўраев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter