Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро шаҳрида ноқонуний ҳужралар аниқланди

Бухоро шаҳрида ноқонуний ҳужралар аниқланди

Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ноқонуний таълимот бериш билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, Бухоро шаҳрида ўтказилган шундай тадбирлардан бирида Афшор маҳалласида яшовчи 52 ёшли фуқаро Р.Ш. ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмаса-да, шу маҳалладаги мактаб ўқувчиларига ўзи яшаб келаётган хонадонда таълимот бериб келган. Аниқланишича, фарзандларининг ноқонуний диний таълим олишларида ота-оналари ҳам монелик кўрсатишмаган.

Худди шундай кейинги ҳолат Бухоро шаҳрининг Файзулла Хўжаев маҳалласида юзага келган. Бунда Фарғона вилоятида туғилган, Бухоро шаҳрида ижарада туриб, вақтинча яшаб келаётган Т.Ю. шу хонадонда вояга етмаган ўқувчиларга диний таълим бериб келган. Олиб борилган текширув ҳаракатларига кўра, ушбу шахс Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидан бўлган 5 нафар мактаб ўқувчиларига диний сабоқ берган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилган. Ҳар икки шахс Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддасига асосан, жавобгарликка тортилган. Шунингдек, фарзандларининг ноқонийний диний таълим олишларига йўл қўйиб берган ота-оналарга ҳам тегишли қонуний чоралар кўрилган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг