Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Буюк Ипак йўли сирлари нурлар орқали ўрганилади

Буюк Ипак йўли сирлари нурлар орқали ўрганилади

Польшанинг Любин Технология университети IT соҳаси мутахассислари «Ипак йўли 3D форматда» лойиҳаси сўнгги, еттинчи экспедициясини якунлади.

2018 йилда иш бошлаган гуруҳ Ўзбекистоннинг тўрт қадимий манзили – Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Шахрисабзда тарихий обидаларида 3D сканерлаш орқали тадқиқот олиб боради.   

— Ёдгорликларни 3D рақамлаштириш улар аҳволи ҳақида аниқ-таниқ маълумот олишга имкон беради. Бу табиийки, улардаги оғишлар, эгилишлар, ёриқлар билан боғлиқ жараённи мумкин қадар тўхтатиш учун чора-тадбирлар кўришга замин яратади, — дейди «Ипак йўли 3D форматда» лойиҳасининг Ўзбекистон томонидан вакили тарихчи олим Раҳим Қаюмов.

Олимнинг маълум қилишича, нурлар орқали олинган маълумотларни қайта ишлаш, рақамли панорамалар ва 3D моделларни тайёрлашда лойиҳага ҳамкорлик қилаётган Ўзбекистондаги тўртта университет – Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Урганч давлат университети ҳамда Чирчиқ давлат педагогика институти талабалари ҳам жалб этилган.

Шунингдек, лойиҳа доирасидаги халқаро илмий конференциялар, фотосуратлар кўргазмаси Ўзбекистонни тарғиб қилишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Раҳим Қаюмов музейшуносликда 3D технологияларни қўллаш соҳасида Ўзбекистон университетлари илмий ходимларини тайёрлаш мақсадида Польшада 2 та тренинг ўтказилишини ҳам маълум қилди.

Лойиҳа раҳбари, комютер фанлари бўлими Элизабет Милош 5 нафар ҳамкасби билан айнан битта объектда қайта ва қайта ишлашга тўғри келса-да, ҳар гал ҳайратни ҳис қилишини айтади. «Масалан, Тиллакори мадрасаси гумбазини учинчи марта рақамлаштираяпмиз. Бунгача 2018 ва 2021 йилларда ҳам гумбаздаги айнан бир нуқталарни мўлжалга олганмиз. Улардаги ўзгаришларни илмий жиҳатдан тадқиқ қилаяпмиз» дейди Элизабет хоним.

Хўш, лойиҳа Ўзбекистон учун муҳим экан, лекин Польшага нима беради?

— Биз нафақат биноларни, балки тарихий ашёларни ҳам 3D форматда рақамлаштираяпмиз. Ҳатто мен сайёҳ бўлиб келганимда ҳам уни қўлимга ололмасдим. Лойиҳа бизга ана шундай ноёб имконни берди. Илмий таҳлил, тадқиқ эса ҳаммамиз учун қизиқарли ва муҳим, - дейди суҳбатдошим.

«Ипак йўли 3D форматда» лойиҳаси сўнгги экспедицияси иши фақат Регистонда эмас, балки Самарқандда Шоҳи Зинда, Бибихоним обидалари, Мирзо Улуғбек расадхонасида ҳам давом этди. Польшалик мутахассислар сафарнинг сўнгги кунида Шахрисабздаги Темурийлар иншоотларини такрор ўрганишди.

Раҳим Қаюмов масаланинг яна бир жиҳатига эътиборни қаратади: «Шердор мадрасаси пештоқи 105 квадрат метр. Уни қисқа вақтда ҳолатини, рангларини аниқлаш келгусида таъмир ишларида асқотиши мумкин. Лекин авваллари шунча майдонни ҳавозаларга чиқиб ҳафталаб ранг-шакли аниқланган, пастга тушиб бир-бир ёзилган. Дейлик, шу жойнинг ўзида 300-500 миллион сўм тежалаяпти».

«Ипак йўли 3D форматда» лойиҳаси якуний хулосалари сентябрда Ўзбекистонда ўтадиган илмий-амалий конференцияда эълон қилинади.

«Ипак йўли 3D форматда» лойиҳаси фаолияти, ўтган экспедициялар натижалари silkroad3d.com порталида тўрт тилда чоп этилиб борилаяпти.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг